Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт иншоотларида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган
12:34 / 2021-08-26

Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридаги вазифалар асосида соҳада қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, югуриш, юриш, велоспорт, бадминтон, стритбол, Workaut ва бошқа спорт турлари бўйича жами 56 мингдан зиёд оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, ушбу мусобақаларга 4 миллион 700 минг аҳоли жалб қилинган.  

 Аҳоли ўртасида 31 мингга яқин соғломлаштириш (эрталабги бадантарбия) тадбирларида 3 миллион 3 мингга яқин аҳоли иштироки таъминланган. Ёпиқ спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш мақсадида таълим муассасаларининг 5 минг 359 та спорт зали инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг 4 минг 235 тасида дарслардан сўнг аҳолининг спорт билан шуғулланишлари учун имконият яратилган. Натижада бир кунда 473 мингдан зиёд аҳолини спортга жалб қилиш имкони пайдо бўлган.  

 Маҳалла аҳолисини доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этиш мақсадида ҳар чоракда бир марта “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танловини ташкил этиш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, вазирлик, идора ва ташкилотларда ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш мақсадида “Спорт тарғиботчилари” тайинланган ҳамда уларга қўшимча вазифалар юклатилган. Яратиб берилаётган шарт-шароитлар натижасида спорт билан доимий шуғулланувчи аҳоли сони 2020 йилдаги 19 фоиздан 21,3 фоизга етказилган.  

 Мажлисда сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига этибор қаратди.  

 Қайд этилганидек, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳисобини юритишнинг аниқ мезонлари йўқлиги туфайли жойларда бу борадаги кўрсаткичларни реал баҳолаш имкони мавжуд эмас. Айрим ҳудудларда бир марталик оммавий спорт тадбирларига жалб қилинган аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар рўйхатига киритиш орқали камров кўрсаткичларини ошириш ҳолатлари кузатилмоқда. “Саломатлик учун 5000 қадам” каби акциялар бир марталик кампанияга айланиб, мунтазамлик касб этмаяпти. Ҳудудлардаги биринчи раҳбарлар мазкур акцияларда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кўриниш бериш учунгина қатнашмоқда. Бу ҳолат аҳолини мунтазам жисмоний тарбия ва спортга жалб қилишда ҳеч қандай самара бермаяпти.  

 Навоий вилоятида 199 та, Тошкент вилоятида 98 та, Хоразм вилоятида 48 та, Сурхондарё вилоятидаги 40 та маҳаллада велоспорт, юриш, югуриш йўлаклари мавжуд эмас. Баъзи ҳудудлардаги мутасаддилар томонидан “Саломатлик йўлаклари” сифатида тақдим этилаётган пиёдалар йўлаклари белгиланган ўлчам ва талабларга жавоб бермайди.  

 Шунингдек, Тошкент вилоятида 477 та, Сурхондарё вилоятида 235 та, Хоразм вилоятида 124 та, Андижон вилоятида 50 та маҳаллада “Workout” майдончалари ташкил қилинмаган. Хоразм вилоятида 171 та, Навоий вилоятида 131, Андижон вилоятида 71 та, Тошкент шаҳрида 47 та маҳаллада мини футбол майдонлари йўқ.  

 Яна бир жиҳат, спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш етарлича ташкил этилмаган. Инвестиция дастурларига киритилган спорт иншоотларида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилганлиги туфайли мазкур иншоотлар қабул қилиб олингандан сўнг фойдаланишга яроқсиз аҳволда қолмоқда. Жумладан, Поп туманида 2016 йил қурилган сузиш ҳавзаси 2 йил давомида ишламаган. Маҳаллий бюджетдан қўшимча 500 миллион маблағ ажратилиб, қурилишдаги камчиликлар бартараф этилган.  

 

Нурилло Насриев, ЎзА