Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт иншоотлари қурилиши ўрганилди
12:13 / 2026-03-10

Сирдарё вилоятида спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида янги спорт мажмуалари барпо этилмоқда, мавжуд объектлар эса замонавий талаблар асосида реконструкция қилинмоқда. Шу мақсадда Спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов ҳудудга хизмат сафари билан ташриф буюрди.

Хизмат сафари давомида у Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуаси, “Марказий ўйингоҳ” ҳамда “Гандбол маркази”да олиб борилаётган қурилиш ишларини ўрганди. Қурувчи ташкилотлар ва маҳаллий спорт мутасаддилари билан мулоқотда биноларни сифатли ва белгиланган муддатларда тайёрлаш, спортчилар ва мураббийлар учун замонавий шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, вазир ўринбосари Гулистон шаҳрининг Бахт маҳалласида барпо этилаётган “Бокс маркази”да бўлиб, қурилиш ишлари, биноларни жиҳозлаш ва ҳудудни ободонлаштириш жараёнини кўздан кечирди.

Сафари давомида Авазжон Каримов Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ҳам бўлиб, спортчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишди.

Мавжуд инфратузилма ёш спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ҳудудларда барпо этилаётган спорт объектлари нафақат профессионал спортчиларни тайёрлашга, балки оммавий спортни ривожлантириш ва ёшлар орасида жисмоний фаолликни оширишга хизмат қилади. Бу эса давлат томонидан спортни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни ривожлантириш сиёсати ижросини амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири