Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт: Хитой тажрибаси янги марраларни забт этишга хизмат қилади
18:39 / 2024-01-21

Жаҳонда аҳоли сони бўйича Ҳиндистондан кейинги ўринда турадиган Хитойнинг Ўзбекистон билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга ривожланиб бормоқда.

Ҳар икки давлат спорт ташкилотлари ўртасида имзоланган 2019 йилги битим асосида ўтган йиллар давомида спорт таълими, тиббиёти, енгил конструкцияли спорт иншоотларини барпо этиш каби қатор йўналишларда муҳим ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан Пекин спорт университети ўртасида имзоланган 2019 йилги меморандум асосида ўтган йиллар давомида бир гуруҳ хитойлик жисмоний тарбия мутахассислари, талабалар мамлакатимизга келиб, юртимиздаги спорт мажмуалари, ўтказилаётган мусобақалар, машғулотлар, спорт таълимининг бошқа йўналишлари билан танишди. Фикр алмашди, зарур тавсия ва кўникмалар билан ўртоқлашди.

Ўз навбатида юртимиз спорт таълими мутахассислари, мураббийлари ҳам Хитойда бўлиб, жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги ишларни яқиндан ўрганиб, зарур тажрибаларга эга бўлди.

Ҳамкорлик асосида оммавий спорт, спорт фани, тиббиёт, психология, мониторинг тизимини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида педагог, мураббий ва инструкторларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш борасида кенг қамровли фаолият тизими ишлаб чиқилди.

Коронавирус пандемиясидан кейинги даврларда Хитой – Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик омиллари ўсишининг ўзига хос динамикаси кўзга ташланди. Бу айниқса, ўтган 2023 йилги халқаро спорт мусобақаларида, йирик комплекс ўйинларга мўлжалланган иншоотларни барпо этиш йўналишларида яққол намоён бўлди.

Ўтган йили Хитойнинг Чэнду шаҳрида ташкил этилган ёзги Бутунжаҳон Универсиада ўйинларида, Ханчжоу шаҳрида ўтган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларида мамлакатимиз спортчиларининг юксак натижаларга эришгани, спорт мутахассисларининг ҳамкорликда бокс, оғир атлетика, таэквондо, кураш каби спорт турларида қўшма машғулотлар, семинарлар, тренингларда қатнашгани янги ғалабаларни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Айтиш лозим, бугунги кунда енгил конструкция асосида замонавий спорт мажмуалари барпо этиш, халқаро спорт мусобақаларни илғор технологиялар ёрдамида ташкил этишда Хитой тажрибаси дунё спорт индустриясининг локомотиви ҳисобланади.

Ўзбекистон кейинги йилларда халқаро олимпия ҳаракатининг муҳим марказларидан бири бўлиш мақсадида дадил қадам ташламоқда.

Давлатимиз раҳбари бундан икки йил муқаддам пойтахтимизда бунёд этилаётган “Олимпия шаҳарчаси”нинг тамал тошини қўйиш маросимида бизнинг ўз йўлимиз, ниятларимиз, режаларимиз борлигини, бугун қилаётган тарихий ишларимиз яқин келажакда ўзининг катта натижасини беришини билдириб, “Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланишига ишонаман. Бу маскан меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлади”, дея таъкидлаган эдилар.

Ўтган йиллар давомида Тошкент-2025 Осиё ва Параосиё ўйинлари ўтказиладиган Олимпия шаҳарчасида барпо этилаётган иншоотларни янада ободонлаштириш, қурилиш ишларини жадаллаштириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилдики, ушбу саъй-ҳаракатларнинг ижросини таъминлашда Хитой компанияларининг жонбозлик кўрсатаётгани ҳам фикримизнинг далилидир.

Ҳар қандай мамлакатнинг жаҳон спортидаги нуфузи ўтказилаётган спорт анжуманлари, комплекс мусобақалар, спортчиларининг халқаро мусобақалардаги натижалари билан белгиланадики, бунга дунё ҳамжамияти, хусусан Хитой каби етакчи мамлакатлар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни жорий этиш орқали эришилади.

Шу маънода юз гектар майдонда бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчаси Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлашга, юртимиз “спорт табиати” Осиё Олимпия “об-ҳавоси”ни белгилайдиган масканлардан бирига айланишига олиб келиши билан қадрлидир.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА