Спорт гимнастикачиларимиз Россияда 12 та медални қўлга киритди
Россиянинг Новосибирск шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Олимпиада чемпиони Евгений Подгорний соврини учун ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза, жами 12 та медални қўлга киритди.
Жумладан, мусобақанинг кўпкураш йўналишида Милана Гайнулина олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Аслия Абдуқодирова ва Одина Робиджонова ўз ёш тоифаларида бронза медалига эга чиқди.
Алоҳида снарядлар бўйича беллашувларда ҳам Ўзбекистон гимнастикачилари шоҳсупага кўтарилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу йўналишда Одина Робиджонова эркин машқларда олтин, тўсинда кумуш, брусьяда бронза медалларини қўлга киритиб, терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.
Аслия Абдуқодирова эса эркин машқларда ғолиб деб топилди. Милана Гайнулина эркин, брусья ва тўсинда машқ бажаришда кумуш ҳамда таяниб сакрашда бронза медалини қўлга киритди. Бекзод Бахтиёров таяниб сакрашда учинчи ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА