Спорт гимнастикачиларимиз Болгарияда зафар қучди
Болгариянинг Варна шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган жаҳон “Челленж” кубогининг биринчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Дунёнинг энг кучли гимнастикачилари қатнашган баҳсларда терма жамоамиз аъзоси, Токио-2020 Олимпиадаси иштирокчиси Расулжон Абдураҳимов брусдаги машқда 14.233 балл билан олтин медаль соҳибига айланди. Кейинги ўринларни болгариялик Жордан Александров ва Нидерландия вакили Жермейн Грунберг эгаллади.
Спорт гимнастикасининг яна бир йўналишида 14.500 балл жамғарган истеъдодли спортчимиз Абдулла Азимов шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди. Ушбу йўналишда 1-ўрин албаниялик Матвей Петровга, 3-ўрин Арманистон терма жамоаси аъзоси Артур Давтянга тегишли бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА