English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт: Эришилган натижалар танқидий кўриб чиқилди
14:52 / 2025-12-24

Ўтаётган йил давомида мамлакатимизда ўтказилган оммавий спорт мусобақаларида 15 миллион нафар фуқаро жалб этилди. Жисмоний тайёргарлик спорт синовларида 5 миллион 400 минг нафар аҳоли вакиллари иштирок этиб, синовларни муваффақиятли топширган 35 минг нафари тегишли даражадаги кўкрак нишонлари ҳамда 6 минг 200 нафари эса совғалар билан тақдирланди.

Бу ҳақда Спорт вазирлиги тизимидаги ташкилотлар учун ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Йиғилишда жойларда оммавий спортни ривожлантиришдан бошлаб спорт таълими, селекция, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, "Президент олимпиадаси" якунлари, соҳани рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш каби йўналишлар кесимида 2025 йил якунлари танқидий кўриб чиқилди.

Соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида йил давомида ёшларимиз Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида, Баҳрайнда ўтказилган Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақаларида муносиб натижаларга эришгани, Дубай шаҳрида ўтган ёшлар Параосиё ўйинларида спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллагани, футбол бўйича терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани халқимиз ифтихорига сабаб бўлгани эътироф этилди.

Шахмат бўйича жаҳон кубогида Жавоҳир Синдоров “Жаҳон тожи учун номзодлар турнири”га йўл олгани Ўзбекистон ёшларининг интеллектуал салоҳияти нечоғли юқорилигини кўрсатгани билан аҳамиятли бўлди.

Ортда қолаётган йилда маҳаллаларда 405 та намунавий типдаги спорт майдончалари барпо этилиб, уларнинг сони 1 минг 774 тага етказилди.

Аммо эришилган ютуқларга қарамасдан жорий йилда етарли натижа кўрсатмаган айрим ҳудудий спорт бошқармалари фаолияти, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида маҳоратли спортчиларни тайёрлаш ишлари танқид қилинди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таҳлиллар сарҳисобига кўра, тегишли бўлим ва йўналишларга, ташкилотларнинг мутасаддиларига аниқ вазифалар юкланди. Соҳада коррупцияга қарши кураш йўналишида тизимли ишларни амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилиши якунида 2026 йилги нуфузли халқаро мусобақаларда терма жамоаларнинг муносиб иштирок этишини таъминлаш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаш ва йўналтиришда шаффофликка эришиш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш йўналишларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА