Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт билан ошнолик саломатлик сари йўл
11:42 / 2021-08-09

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали жамоаси Қувасой шаҳридаги “Меҳнат-роҳат” оромгоҳида дам олаётган Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказди.

Кўнгли ўксикларга меҳр ва эътибор кўрсатиш халқимизнинг эзгу қадриятларидан. Хусусан, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари камолоти йўлида кўплаб ишлар олиб борилаётгани ҳам бунинг амалий ифодасидир. Президентимиз раислигида 28 июль куни ўтказилган ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унда Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, бу ердаги болаларга сабоқ бериш, уларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги методикалар ишлаб чиқиш белгиланди. Айни кунларда Фарғона вилоятидаги олий ўқув юртлари ҳам ташаббус билан чиқиб, Меҳрибонлик уйларида турли маънавий-маърифий тадбирлар, лойиҳалар ташкил этмоқда.

– Президентимиз таъкидлаганидек, фарзандларимизга қилган ҳар бир яхшилигимиз ўн яхшилик бўлиб қайтади, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали директори Равшанжон Расулов. – Меҳрибонлик уйидаги ўғил-қизларни спортга ошно этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш асосий вазифалардан саналади. Спортчилар ҳам бу эзгу ишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Марғилон ва Қўқон шаҳридаги Меҳрибонлик уйида спорт тадбирларини бошлади. Албатта, бу тизимли давом эттирилади. Улар орасида чемпионлар чиқишига ҳам ишонамиз. Шунингдек, уларга китоблар ҳам совға қилдик.  

Мазкур оромгоҳда Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти ҳамда Қувасой шаҳар қўриқлаш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тарбияланувчилар ўртасида стол тенниси, футбол, велопойга, шахмат ва сузиш бўйича мусобақалар ташкил этилди. Ўғил-қизлар спортда ҳам эпчиллик ва ғайратли эканликларини намойиш этди. Шунингдек, улар билан давра суҳбати ўтказилиб, орзулари билан ўртоқлашилди. Ташкилотчилар томонидан совғалар топширилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди. Шу каби тадбир Қўқон шаҳридаги Меҳрибонлик уйида ҳам бўлиб ўтди.

М. Сулаймонов, ЎзА