Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мактабгача таълим, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида, корхона, ташкилот ва бошқа турдаги барча муассасаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий моддий-техника базани шакллантириш, пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3 - 5 километрни ташкил этиши ҳамда ўзаро узвий боғлиқ бўлиши, умумтаълим мактабларини спорт заллари билан тўлиқ таъминлаш, ҳар бир туман(шаҳар)да моддий-техника базага эга бўлган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ҳамда бошқа жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг спорт иншоотларини қуриш ва жиҳозлаш дастурини ишлаб чиқиш каби бир қатор вазифалар белгиланганди.
Ушбу фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ўтган вақт мобайнида самарали ишлар амалга оширилди.
Жумладан, ёпиқ спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш мақсадида таълим муассасаларининг 5359 та спорт зали инвентаризациядан ўтказилди. Ушбу спорт залларининг 4235 таси дарслардан сўнг соат 17:00 дан аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун тайёрланди. Натижада бир кунда 473 мингдан зиёд аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилди. Республиканинг туман ва шаҳарларида мактаблар 22та устувор, 19 та истиқболли ва 18 та ривожланаётган спорт турларига, 112та олий таълим муассасалари 18 та (14та олимпия, 4та миллий) спорт турларига ихтисослаштирилди.
Бугунги кунда республикамиздаги 6 мингдан ортиқ мактабда спорт турлари бўйича 29517та тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларга 780 минг нафар ўқувчи жалб этилган. Мазкур тўгаракларда 19 мингдан зиёд жисмоний тарбия фани ўқитувчиси фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бирга, спорт мактабларининг 4709 нафар тренери томонидан 4361 та мактабнинг спорт зали ва майдонларида спорт секциялари ташкил этилиб, уларда 235 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси шуғулланмоқда. Шунингдек, 70 та олий таълим муассасасида ташкил этилган 268 транспорт тўгарагига 35887 нафар талаба қамраб олинди. Бундан ташқари, 1625та хусусий спорт иншоотида ташкил этилган секцияларга 93384 нафар ёш жалб қилинган.
Юртимиздаги 7583 та мактабнинг ҳамда 80 дан ортиқ олий таълим муассасасининг спорт заллари ва спорт майдончаларидан ёшларнинг соат 17:00-23:00 гача бўлган вақтда бепул шуғулланиши учун зарур шароит яратилди. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг мазкур спорт иншоотларида шуғулланиши учун маҳаллаларга 7905 нафар тренер бириктирилди.
Дарҳақиқат, олий ва умумтаълим муассасалари заллари ва спорт мактабларига аҳолини жалб этиш бўйича қилинган ишлар ўз самарасини берди. Аҳоли, айниқса, ёшлар бугун ўзлари учун қулай бўлган спорт турлари билан шуғулланмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда спорт инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Қарши шаҳарларида ҳамда Тошкент вилоятида бугунги кунгача жами 55 км бўлган пиёда юриш ва югуриш ҳамда велосипедда ҳаракатланиш учун “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилди.
2020 йилда 40 та спорт объекти фойдаланишга топширилди ва спорт жиҳозлари билан таъминланди.Натижада спорт иншоотларининг бир кунлик қуввати қўшимча 24 минг нафарга оширилди. Ёшларнинг маҳаллаларда спорт билан шуғулланиши учун 707 та “Workоut” майдончаси, 802 та стритбол майдончаси ва 2,129 та тренажёр заллари ташкил этилди. Ўтган йилда 284 та спорт муассасаси 73 турдаги 25,4 млрд сўмлик замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланди. Шу билан бирга, имтиёзли кредитлар ҳисобидан республика ҳудудларида спорт иншоотларини барпо этиш бўйича 140 млрд сўмлик, 370 та хусусий спорт муассасаси ташкил этилди ва 44 минг нафардан ортиқ ёш қамраб олинди.
Яратиб берилаётган шарт-шароитлар натижасида спорт билан доимий шуғулланувчи аҳоли сони 2016-2020 йиллар давомида 7 фоиздан 19 фоизга етказилди.
Шу билан бирга, Президент фармони асосида ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш мақсадида вазирлик, идора ва ташкилотларда “Спорт тарғиботчилари”тайинланди ҳамда уларга қўшимча вазифалар юклатилди. 2021 йилдан уларнинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама тўлаб бериш амалиёти жорий этилди.
Бажарилган муҳим вазифалар аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши орқали ўз саломатликларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА