Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спикер ўринбосари тажрибали деҳқонлардан ёшларга маҳорат дарси ўтиб беришини сўради
11:04 / 2021-03-12

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Бухоро вилояти Когон тумани, Когон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, “Баҳор шанс” кластери экин далаларида бўлди.

Бу ерда партия вилоят кенгаши фаоллари, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ва ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.  

Тадбирда партия фракцияси раҳбари ёшларга ердан унумли фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берди. Когонлик 11 нафар ёшнинг ҳар бирига ўн сотихдан ер ажратиб берилди.  

– Келгуси йил олийгоҳ талабаси бўлиш ниятим бор, – дейди Гулобод қишлоғида яшовчи Озода Амонова. – Унгача фойдаланиб туришим учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари бошчилигида менга ажратиб берилган ўн сотих ердан унумли фойдаланмоқчиман. Насиб бўлса, яхшигина даромад қилсам, ўқишим учун керакли бўлган маблағни ортиғи билан жамлайман. Ёшларга ер ажратиб бериш тенгқурларим учун ҳам яхшигина имконият манбаи бўлди.

Туманда Озодага ўхшаган 240 нафар ёшга ер ажратиб берилган. Туман мутасаддилари 500 нафар ёшни шу иш орқали бандлигини таъминлашни режалаштирган.

Депутат тумандаги «Туткунда» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Ҳотам Муродов хонадонида бўлди. Мазкур хўжаликда ташкил этилган томорқанинг бўш жойи йўқлигига гувоҳ бўлди. Хонадон эгаси уч сотих майдондаги иссиқхонада помидор етиштирмоқда. Томорқанинг қолган қисмида булғор қалампири, бақлажон, қолаверса, икки сотихда қулупнай ҳам парваришлаяпти.

– Бир йилда томорқадан қиладиган даромадим ўртача ўн миллион сўмдан ошади, – дейди Ҳотам Муродов. – Бундан ташқари, қорамолларимиз, қўй-қўзилар ва товуқларимиз бор. Шу ернинг ўзида ишлаб топаётган пулимиз рўзғорга етяпти.

Мутасаддилар Туткунда қишлоғида яшовчи Салим бобо Баҳромов хонадонида бўлди. Отахон йигирма йилдан буён иссиқхонада помидор етиштиради. У камтарлик қилиб, йиллик даромадини айтмаган бўлса ҳам олаётган соф фойдаси оиласи учун яратган шароитидан ҳам шундоққина билиниб турибди. Отахон меҳнатлари самарасидан мамнун, олти сотих майдондаги иссиқхонасида помидорнинг «чинто» навини парваришламоқда.

Актам Ҳаитов қайси хонадонга кирмасин, томорқадан унумли фойдаланиш, экинларнинг қайси навларини экиш сингари масалаларда томорқа ер эгаларига ўз тавсияларини берди. У айниқса, тажрибали деҳқонлардан ёшлар ва қўни-қўшниларини жалб қилган ҳолда кўпроқ маҳорат дарсларини ташкил қилишга даъват этди.

Зариф Комилов, ЎзА