Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов Нукус шаҳрида талаба ёшлар билан учрашди.
Дастлаб Қорақалпоқ давлат университетида таълим олаётган талаба ёшларнинг ўз қўл меҳнати билан яратган инновацион ишланмалари кўргазмаси намойиш этилди.
Бундан сўнг эса учрашувда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, сўнгги уч йилда барча соҳалар каби таълим соҳасида олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, ёшларнинг келгуси режалари ва ёшлар ҳаётига оид масалалар бўйича фикр-мулоҳозалар қилинди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов сўнгги йиллар мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сиёсий жараёнларда уларнинг фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилиб келинаётганлигини, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида бир қанча самарали ишлар, ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этди.
Партиянинг сайловолди дастурида ҳар жиҳатдан баркамол, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий қарашларга эга ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал, маънавий салоҳиятини ижтимоий фаоллигини ошириш муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд қилинган. Чунки эртанги кун бунёдкори – бу ёшлар.
Ёшларнинг самарали етук малакали кадрлар бўлиб вояга етишида эса таълим-тарбиянинг ўрни катта. Ёшларнинг малакали кадр бўлиб етишишида учта нарса истеъдод, илм ва тажриба керак.
Мамлакатимизда таълим-тарбияни тубдан такомиллаштириш, янги авлод кадрларини шакллантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон лойиҳаси депутатлар ва кенг жамотчилик эътиборига муҳокама қилинмоқда. Лойиҳада таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олган.
Ҳақиқаттан ҳам таълим сифати ҳар бир ўқитувчининг малакаси ва ўз касбига фидойилигидан ташқари, жамиятнинг таълимга муносабатига ҳам бевосита боғлиқдир. Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида хусусан ёшлар масаласи бўйича олиб бораётган сиёсати туфайли мамлакатимизда таълим, фан ва технологияларнинг янги поғонага чиқишига мустаҳкам замин яратилаётганини алоҳида эътироф этди.
– Учрашув менда катта таассурот қолдирди дейди – Қорақалпоқ давлат университети биринчи босқич талабаси Б.Жалғасбаева. –Ёшларнинг малакали кадр бўлиб етишида кўпроқ нималарга эътибор қаратиш кераклиги бўйича тажрибасидан келиб чиқиб, мисоллар билан бизга маълумот берилди.
Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.