Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Мажлис аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов кириш сўзида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиш масаласига тўхталиб ўтди.
— Барчамизга маълум, шу кунларда мамлакатимиз ҳаётида жуда катта муҳим сиёсий воқеа рўй бермоқда. Яъни, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси кўриб чиқилди. Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиш масаласи шу йил 9-10 март кунлари палатамиз томонидан муҳокама қилиниб, референдум тайинланди. Конституциявий суд томонидан палатамиз қарори кўриб чиқилиб, Конституцияга мувофиқ деб топилди. Куни кеча Сенат томонидан ҳам ушбу масала кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди. Эндиликда депутатларимиз жойларда, ўз сайлов округларида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришади, — деди Спикер.
М.Комилова,
ЎзА