Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спикер: Давлат дастури лойиҳасига фракциялар томонидан муҳим таклифлар берилди
11:44 / 2024-02-13

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис аввалида парламент қуйи палатасининг Спикери Н.Исмоилов мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеаларга тўхталиб ўтди:

– 12 февраль куни Президентимиз раислигида мамлакатимизни ривожлантиришда муҳим тармоқлардан бири бўлган қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда асосий эътибор қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш, таннархни камайтириш, сувни тежаш масалаларига қаратилиб, галдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Албатта, мазкур видеоселектордан келиб чиқадиган масалаларни ва олдимизда турган устувор вазифаларни белгилаб олишимиз керак бўлади.  

Маълумки, ўтган ҳафта “Ўзбекистон-2030" стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси ҳамда уни тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Фуқаролар лойиҳаларнинг муҳокамасида фаол иштирок этиб, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган фикрлари ва таклифларини билдирдилар.  

Муҳокамалар жараёнида парламент вакиллари ҳам фаол қатнашдилар. Сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ҳамда комиссияларда лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди. Депутатлар томонидан сайлов округларида ҳам кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ташкил этилди.  

Депутатларимиз дастур лойиҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш юзасидан қатор муҳим таклифларини билдирди. Уларда энг аввало, сайловчилар, шу жумладан, ёшлар ва тадбиркорларнинг манфаатларини ифода этишга алоҳида эътибор қаратилди.  

Шу билан бирга, сиёсий партиялар фракциялари томонидан бир қатор муҳим таклифлар илгари сурилди. Жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси қишлоқ хўжалигида агросаноат кластерлари фаолиятини тартибга солиш, капитал бозорини ривожлантиришнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш таклифи берилган бўлса, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси мактабгача таълим тизимини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, мактабларда “Тарбия фани” ўқитилишини самарали ташкил этиш таклифини тақдим этди. “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш, Халқ демократик партияси фракцияси ўрта таълим мактабларида инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг қонуний асосларини такомиллаштириш, Экологик партия фракцияси эса экологик назоратни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, санитария-муҳофаза ва турар-жой зоналарида атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичлари устидан давлат назоратини кучайтириш каби қатор муҳим таклифлар билдирилди.  

Депутатларимизнинг фикр ва таклифлари асосида давлат дастури лойиҳаси ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармони лойиҳаси юзасидан Қонунчилик палатасининг таклифлари ишлаб чиқилди ва ишчи гуруҳларига тақдим этилди, – деди Спикер.  

Шунингдек, Спикер Қонунчилик палатаси депутатларининг 24-27 январь кунлари сайлов округларидаги фаолияти давомида амалга оширган ишларига ҳам тўхталиб ўтди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА