Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спаркнинг хоразмлик даъвогарлари маълум бўлди
19:55 / 2019-09-20

Урганчда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилаётган “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида“ республика кўрик- танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.


Урганчда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилаётган “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида“ республика кўрик- танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармаси мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси раиси Даврон Аллақулиев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров ва бошқалар сўзга чиқиб мазкур танлов ўқитувчиларнинг жамиятдаги ролини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

– Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим ва тарбияни такомиллаштириш, мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жуда катта аҳамиятга эга, – дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова. – Дарҳақиқат, мактаб энг муқаддас даргоҳ. Унда фаолият кўрсатувчи, ўз ҳаётини келажак эгалариги сабоқ беришга, уларни ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялашга бағишлаган устозлар эса энг олийжаноб инсонлардир. Шу боис ҳам ўқитувчи меҳнатини қадрлашимиз, устозларни ҳурмат қилишимиз лозим.

Танловнинг вилоят босқичида низом талабларига кўра умумтаълим мактабларида камида 20 йиллик педагогик, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида эса камида 10 йиллик иш стажига эга бўлган энг намунали 28 бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари баҳслашди.

Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан уч кун давомида номзодларнинг ҳужжатлари тўплами ўрганилди.

Танлов қатнашчиларини баҳолашда уларнинг билими, ўз соҳасини ва касаба уюшмаларининг фаолият йўналишларини қай даражада яхши билиши, муассасада ўқувчиларга таълим беришда эришган натижалари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини англаши ҳамда касаба уюшма аъзоларига етказа олиши, иш берувчилар, давлат ва хўжалик органлари билан ижтимоий шериклик асосида ишларни ташкил эта олишига алоҳида эътибор қаратилди.

Танлов натижаларига кўра, Хива шаҳри 121-кўзи ожиз болалар давлат мактаб-интернати бошланғич синф ўқитувчиси, бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ҳурмат Матчанов биринчи, Янгибозор тумани 29-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шаҳодат Шарипова иккинчи, Янгиариқ тумани 22-умумтаълим мактабининг технология (меҳнат таълими) ўқитувчиси, бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Оқилжон Бобожонова учинчи ўринни эгаллади. Улар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.

– Тадбирда ўқитувчилар ҳақида кўплаб самимий фикрлар билдирилди, ажойиб шеърлар ўқилди. Улардан биридаги “Бир кун келар, домлалар қадри тоғ бўлади, осмон бўлади. Бизга кулган одамлар дарди дил тубида армон бўлади” сатрлари хотирамга дарров муҳрланди. Шукрким, шу кунларга етиб келдик. Ўқитувчилар иш ҳақи оширилди, мажбурий меҳнатдан халос бўлди. Ҳаммасидан ҳам одамларнинг, давлатнинг, жамиятнинг бизга муносабати ўзгараётганидан хурсандмиз, касаба уюшмалари томонидан эълон қилинган танлов бунинг ёрқин исботидир, – дейди Шаҳодат Шарипова.

Танлов ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди.