Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўзга, шеърга, ижодга садоқат тимсоли — Теша Сайдалиев
18:21 / 2026-01-14

Сурхондарёлик шоир Теша Сайдалиевнинг ижодий изланиши бошқа кўпгина қалам аҳли фаолиятида юз бергандек, мактаб партасида бошланди. Фарқи шуки, ўша мактаб ўқувчисининг биринчи шеъриёқ республика газетасида, кўринарли саҳифада эълон қилинди, кишининг қобилияти учун бундан ҳам катта ишонч борми?!

Ҳа, унинг дастлабки шеъри ёшлар газетасида чоп этилганди. Бу унга юқори кайфият, жўшқин эҳтирос, ғурур, ўз ишига ишонч, бахш этганидек, талабалик масъулиятини ҳам яна бир бор оширди. Шундай ўқидики, ўша йили Термиз шаҳридаги “Правда” мактабини олтин медаль билан тугатди. Алишер Навоий номли Самарқанд Давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирди.

Шоир энг ҳароратли асарларини асосан талабалик йилларида битди. Самарқанд ва унинг одамларини тараннум этган “Ёшлигинг”, “Самарқанд ҳиммати”, “Тўйда”, “Аталган сўзлар”, “Ёнма-ён”, “Бир кун гул ғунчасини тақиб ўтдинг сен” каби шеърлари, унинг “Ажойиб кишилар” туркуми шу ерда яралди. Ўқувчиларга биринчи шеърлар тўплами “Туҳфа”ни шу ерда тақдим этди шоир. Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига ҳам шу ерда қабул қилинди. Чунки, ўсмирлик ва навқирон умрининг асосий қисми шу ерга тўғри келди. Таҳсил олиш билан бирга ишлади. СамДУни тугатгач, вилоят газетасида ижодий ходим бўлиб меҳнат қилди. Бу ерда унинг ажойиб сафдошлари, маслаҳатдошлари бор эди. 

Д.Файзий, Н. Нарзуллаев, Б.Бойқобилов, Х.Каримов, С.Орипов каби шоирлар, С.Мирзаев, Х.Дониёров, Н.Нуриддинов, Н.Каримов, С.Шермуҳамедов каби олимлар даврасининг фаол иштирокчиси бўлди. Бу ердан осонликча кўнгил узиб кета олмади. Қачонки, она шаҳри – Термиз уни ўзида ишлашга чақирганда бу таклифни ҳам рад этолмади. 

Шоир 60-йилларнинг бошларида Термиз шаҳрига вилоят газетасига ишга келди. Адабий ҳаракатчиликни бошловчилардан бири сифатида ёш ижодкорларга кўмаклашди. 

Теша Сайдалиев газетада ишлаш билан бир вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига масъул котиблик вазифасига тайинланди. Бу вазифада умрининг охиригача меҳнат қилди. Шоирнинг асарлари кўпгина ёзувчилар ва адабиётшунос олимлар томонидан тадқиқ қилинган. 

Адабиётшунос олим Озод Шарофиддиновнинг эътирофича, Теша Сайдалиевнинг кўп шеърларида ... жўшқин лиризм кучли эҳтирос ва чинакам ёшлик темпераменти билан қўшилиб кетган. Бу жиҳатдан айниқса, унинг “Қайна юрак” шеъри диққатга сазовор. Шоир бу шеърида ҳам бошқа шеърларидаги каби соддаликка интилади. Мураккаб ва мавҳум метафоралар қидирмайди, шеърга тумтароқ безак бермайди. Аммо у шундай жўшқин ва ҳароратли мисралар тузадики, улардаги жўшқинлик юксак поэтик кайфият туғдиради.

– Теша Сайдалиев учун хос хусусиятлардан бири шундаки, – деб ёзган эди унинг “Туҳфа” шеърлар тўплами ҳақидаги тақризида филология фанлари доктори М.Юнусов. – У баъзи ёшларда учрагани каби бирор муносабат туфайли шеърлар ёзмай, ўзини тўлқинлантирган, қаттиқ ҳаяжонга солган ҳодисалар тўғрисида ёзади.

Бу – бир жиҳатдан ҳақ гап. Шоир нимаси биландир нигоҳини тортган нарсаларни узоқ кузатади, текширади: муҳим штрихларни номуҳимларидан ажратади, фарқ қилади, мавзунинг аҳамиятини аниқлагач, содда, ихчам бандларда ўз ҳиссиётларини нақшлайди.

Ижодкор 1972 йил 13 октябрда бир кам қирқ ёшида оламдан ўтди.

Шоирнинг архивидан “Лайлининг мактублари” деган қисса қўлёзмалигича топилди. Бунинг устига у ҳали тугалланмаган экан. Айрим бобларини газетхонларга тақдим этган вилоят газетасининг шарҳлаб ёзишича, шоир бу асарни ёзишга астойдил киришган. Ижодда ўзига маълум даражада малака, тажриба пайдо бўлганлигига ишонч яралгандан сўнггина эпик асарлар ёзишни бошлаган. Хат формасида таркиб топган мазкур қиссада Лайлининг ҳаётга бўлган муносабати, ўзини тутиши, қобилияти хатдан-хатга ўтган сари очилиб боради. Ёзувчи икки ёшнинг севгиси баҳонаси билан ҳаётий масалаларни ўртага ташлар экан, поёнига етказмасдан чала қолган архивдан Лайлининг бор-йўғи 20 хати топилди.

Муаллиф асарни бундан кейин қандай тартибда давом эттирмоқчилиги номаълум. Маълуми шуки, “Лайлининг мактублари”дан бирида Мажнуннинг мактублари ҳам эслатилган. “Мажнуннинг мактублари” композицион қандай қурилмага эга бўлиши керак эди, бу ҳақда ҳам муаллифнинг нияти номаълум. Маълуми шуки, уни Лайлининг хатлари билан бирлаштириш масаласи кўндаланг бўлиб турибди. Теша Сайдалиев меросини ўрганиш лозим, бу шунинг учунки, у 50-йиллар адабиётини ўрганишда бир поғонадир.

Тоштемир Турдиев,

Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

Денов тумани маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.