Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар мамлакат тараққиётига хизмат қилади
15:20 / 2021-11-12

Миллий матбуот марказида “Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар мамлакат тараққиётига хизмат қилади” мавзусида семинар ташкил этилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати хабар берди. Семинар янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилди.

Тадбирда уюшма аъзолари, оммавий ахборот воситалари бош муҳаррирлари, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Семинарни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров кириш сўзи билан очиб, янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида қайд этилган устувор вазифаларга иштирокчилар эътиборини қаратди. Амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилаётгани журналистларнинг касбий фаолияти учун муҳимлигини, қонуний фаолият юритаётган журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа семинарда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси: ОАВ ролини кучайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Aхборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев “Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат ғоясининг мазмун-моҳияти” мавзусида маъруза қилди.

Семинар баҳс-мунозарага бой тарзда, кўтаринки руҳда ўтди. Иштирокчилар муҳокама қилинган мавзулар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоб олди.

Икром Аввалбоев, ЎзА