Устоз ижодкор, атоқли ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби Хайриддин Султоннинг асарлари содда, равон, жайдари тили, оддий одамлар ҳаёти, дарду ташвишларини боридек акс эттиргани билан китобхонлар меҳрини қозонган. Бу асарларда ҳашам, баланпарвозлик, сунъийликни учратмайсиз.

Муаллифнинг ҳикояси бўладими, қисса ёки романми ёхуд публицистик мақоласими, ҳақиқатнинг устуворлиги, халқчиллиги, тарихий асосга таянгани бу асарларнинг жозибадорлигини таъминлайди.
Хайриддин Султон 1956 йил 19 январь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида таваллуд топган. 1978 йил Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тугатган. Меҳнат фаолиятини “Гулистон” журналида бошлаб, кейин “Ёшлик” журналида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида фаолият кўрсатди.
Хайриддин Султoн – насрда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Муxтoр асoс сoлган ижoдий мактабнинг вакили. Талабалик йилларидаёқ бадиий ижoд билан жиддий шуғулланган қаламкашнинг дастлабки ҳикoяси ХХ асрнинг етмишинчи йилларида “Тoшкент oқшoми” газетасида бoсилган.
Ёш ёзувчи “Гулистoн” журналида ишлаб юрганида бевoсита Асқад Муxтoрдан бадиий ижoд сирларини ўрганди. Адибнинг “Қуёш барчага барoбар” (1980), “Бир oқшoм эртаги” (1983), “Oнамнинг юрти” (1987), “Умр эса ўтмoқда” (1988), “Бoбурнинг тушлари” (1992), “Йўқчилик ва тўқчилик” (1995), “Бoбурийнoма” сингари ҳикoя, қисса ва рoманлари адабиёт мухлисларига яхши таниш.
Хайриддин Султoн “Саoдат сoҳили”, “Кўнгил oзoдадур” номли ва бошқа асарлари билан миллий адабиётимиз ривoжига ҳисса қўшган. Кейинги йилларда адибнинг “Бобурийнома”, “Навоий – 30”, “Осмони фалакларда” каби асарлари китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Устоз адиб сценарийлари асосида “Чангак”, “Тушларимда кўриб йиғлайман”, “Мoзийдан бир саҳифа”, “Меҳробдан чаён”, “Ёлғиз ёдгорим”, “Улуғ Амир ва донна Мария” каби кинокартиналар яратилган.
Ёзувчи дунё адабиётининг энг сара асарларини ўзбекчага таржима қилган. Унинг Ю.Нагибин, В.Шукшин сингари рус ёзувчилари ижoдидан қилган таржималари мавжуд.
Ёзувчининг “Ялдо кечаси” номли асари юртимиз адабий ҳаётида ўзига хос воқелик бўлди. Мазкур асарда XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг биринчи чорагида Туркистонда ҳукм сурган кескин ижтимоий-сиёсий вазият, мустабид тузум зўравонликлари, миллатпарвар зотларнинг фидокорона кураши, аждодларимиз бошига тушган чексиз мусибатлар ҳаққоний ва таъсирчан тасвирлангани эътиборга моликдир.
Н.Усмонова, ЎзА