Аслида момақалдироқ гумбурлаган пайти ҳамма ўзини четга, панага олади. Лекин Эркин Аъзамнинг “Момақалдироқ остида сайр” номли романи қаҳрамонлари айнан гумбурлаган момақалдироқ, тошқин сел пайти ташқарида саргардон кезган одамлардир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таваллудининг 75 йиллигига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда ижодкорнинг “Момақалдироқ остида сайр” номли романи ҳамда “Эркин Аъзам: таҳлил ва талқин” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, таниқли олим Низомиддин Маҳмудов, атоқли адабиётшунос олим, мазкур институт директорининг ўринбосари Мақсуд Асадов, фольклоршунос олим Шомирза Турдимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Нурбой Жаббор ва бошқалар Эркин Аъзам ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил тўхталди.
Дарҳақиқат, Эркин Аъзам сўзга заргарона ёндашувчи, унинг қадрини олтин қадар билувчи, миллий адабиётимизда ўзининг қатъий принциплари ва қоидаларига эга бўлган забардаст ижодкордир.
– Ижодкорнинг “Момақалдироқ остида сайр” романи илмий, бадиий жиҳатдан ҳали кўп тадқиқотлар олиб боришга арзигулик асар, – деди атоқли тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов. – Зеро, Эркин Аъзам асарлари ҳали кўплаб тадқиқотларни кутмоқда.

– Тақдимоти ўтказилаётган икки китоб Эркин Аъзам ижоди ҳақида тўлақонли тасаввур беради, – деди адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Мақсуд Асадов. – “Момақалдироқ остида сайр” романи китобхонда турлича фикрлар, баҳслар уйғотиши билан бирга ўқувчи унинг прототипларини ҳаётда излаб қолиши, одамлар атрофида таниш ва нотаниш шахсларни излаб қолиши табиий. Назаримда ҳақиқий адабий асар шундай бўлмоғи керак. Институтимизда Эркин Аъзам ижодини Санобар Тўлаганова, Марҳабо Қўчқорова каби олималар пухта ўрганмоқда. Дарҳақиқат, Эркин Аъзам борини борича ёзадиган, сўзни чертиб-чертиб, сайқаллаб, саралаб танлайдиган ижодкор. Унинг қаҳрамонлари Искандар, Ойравшан, Ғайрат – уч хил феъл-атворли, уч хил интилишли, уч хил мақсад-муддаоли одам. 90-йиллар бошида жамиятнинг бир форматдан бошқа форматга ўтишида одамлар бошига тушган аччиқ изтиробли воқеалар ушбу китобда ўзининг ёрқин ифодасини топган.
“Эркин Аъзам: таҳлил ва талқин” номли китоб Термиз давлат университетида чоп этилган бўлиб, унда таниқли адабиётшунослар, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, оддий китобхонларнинг ёзувчи ҳақидаги фикрлари, таҳлилий мақолалар келтирилган.
Анжуманда таъкидланганидек, “Момақалдироқ остида сайр” ўзбек романчилигида ўзига хос воқелик бўлишга арзигулик асар. Унда ахлоқ ва нафс, муҳаббат ва нафрат, ҳаёт ва ўлим ўртасидаги мангу кураш бешафқат, беаёв, реал ва ўзига хос тарзда кўрсатиб берилган.
Ижодий анжуманда устоз ёзувчининг асарлари, серқирра ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири