Бугунги глобаллашув шароитида жамият маънавий муҳитини асраш ва мустаҳкамлаш, инсон қалби ва онгига эзгу ғояларни сингдиришда бадиий сўз, айниқса, шеъриятнинг ўрни беқиёс.
Ана шундай юксак мақсадларга хизмат қилаётган муҳим маданий ташаббуслардан бири Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан амалга оширилаётган “Сўз” лойиҳасидир.

Марказ томонидан маънавий тарғиботнинг таъсирчан ва замонавий шаклларини ҳаётга татбиқ этиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, миллий адабиётимиз дурдоналари ва замонавий шеърият намуналарини кенг жамоатчиликка етказиш, шоир ва шоиралар ижодини тарғиб қилиш орқали бадиий сўзнинг тарбиявий имкониятларидан самарали фойдаланиш устувор йўналишлардан бирига айланган.

“Сўз” лойиҳаси — шеърият ихлосмандларини бир майдонга жам этувчи, қалбдан чиққан сатрлар орқали инсонни ўйга толдирувчи, эзгуликка чорловчи муҳим маънавий майдон. Шу вақтга қадар лойиҳа доирасида 60 дан ортиқ шеърлар тасвирга олинди. Эътиборлиси, ушбу шеърий ижролар қисқа фурсат ичида миллионлаб қалбларга етиб борди. Бугунга қадар лойиҳа материалларининг ижтимоий тармоқлардаги умумий кўришлар қамрови 1 миллион 200 мингдан ошди.

Ўтган йил ноябрдаги тақдимот маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтган эди. Юртимизда буюк бобокалонларимиз Алишер Навоийнинг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда “Ренессанс” кино уйида буюк мутафаккирлар таваллуд топган кунлари муносабати билан “Сўз” лойиҳасининг навбатдаги шеърий-концерт дастури бўлиб ўтди.
Ушбу адабий кеча барчамизни сўз орқали бирлаштирган икки буюк шахс хотирасига эҳтиром руҳида ташкил этилди. Улар яратган бебаҳо мерос, тараннум этган юксак ғоялар бугун ҳам ўзбек адабиёти ва маънавий ҳаётида яшаб келмоқда. Қувонарлиси, бу улуғ анъаналарни замонавий ёш ижодкорлар муносиб давом эттирмоқда.
Шеърий-концерт давомида Нодира Афоқова, Мансур Жумаев, Зебо Мирзо, Наргиза Одинаева, Нурмуҳаммад Зоир, Муҳаммад Сиддиқ, Тилланисо, Дадахон Муҳаммадий, Шодмонқул Салом каби ижодкорларнинг шеърлари янграб, томошабинларга юксак эстетик завқ ва маънавий озуқа улашди.
“Сўз” — бу инсон қалбини ёритувчи маънавий фонус, тафаккурни бойитувчи куч, жамиятни бирлик ва эзгуликка чорловчи бадиий минбар. Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар бадиий сўзнинг тарбиявий қудратини яна бир бор намоён этмоқда.
Маънавият ва маърифат йўлидаги бундай ташаббуслар жамиятимизда эзгулик, бирдамлик ва юксак маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларда китобхоник, миллий адабиёт, аждодлар меросига эҳтиром туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА