Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро ҳуқуқий асослар" китоби тақдимоти
13:24 / 2021-06-11

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро ҳуқуқий асослар"китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан нашр этилган "Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар" номли китоб Виндхук декларациясининг 30 йиллигига мўъжаз туҳфа бўлди.

"Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси" туркумига мансуб ушбу тўплам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида тайёрланган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, айниқса, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.  

Айни пайтда янги Ўзбекистонда сўз эркинлигига оид янги муҳит шакллангани, журналистларнинг фикр эркинлиги, фаоллиги кучайгани, ижтимоий тармоқларда фикрлар хилма-хиллиги ошгани эътиборга молик. Сўз эркинлиги қонун доирасида бўлиши билан бирга оммавий ахборот воситаларидан катта билим ва масъулиятни ҳам талаб этади.

Китобга академик Акмал Саидов масъул муҳаррирлик қилган ва сўз боши ёзган. Тузувчи ва таржимон — Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо.

Тўпламда бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган 48 та халқаро ва ҳуқуқий ҳужжатнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир қоидалари жамланган.  

Тўпламнинг биринчи бобида БМТ, ЮНЕСКО, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларидаги сўз, фикр,ахборот эркинлигига доир нормалардан намуналар келтирилган.

Учта муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисидаги қўшма декларация, Халқаро раддия ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция ҳамда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисида Виндхук декларацияси тўлиқ ҳолда ва илк бор ўзбек тилида чоп этилган.

Тўпламнинг иккинчи бобида ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Америка давлатлари ташкилоти, Африка давлатлари ташкилоти, Африка ҳужжатларнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлиги билан боғлиқ нормалари тақдим этилган.

Бунда Европа Кенгашининг Фикрни ифодалаш ва ахборот эркинлиги тўғрисидаги декларацияси, Инсон ҳуқуқлари тўғрисида Америка конвенцияси, Инсон ва халқлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Африка хартияси, МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги Силани конвенциясидаги сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир нормалар китобхон эътиборига ҳавола этилган.

Тўпламнинг учинчи бобида ноҳукумат йўналишидаги халқаро анжуманлар ва нодавлат ташкилотлар қабул қилган сўз, фикр ва ахборот эркинлигига оид халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар жамланган.

Айниқса, Йоханнесбург принциплари, София Декларацияси, Таллуар Декларацияси каби халқаро ҳужжатлар, бир томондан , фикрни ифодалаш ва ахборот эркинлиги борасидаги муҳим қоидалари билан машҳур бўлса, иккинчи томондан, ушбу ҳужжатларнинг матни биринчи марта ўзбек китобхонига давлат тилида тақдим этилгани аҳамиятлидир. Тўплам ҳуқуқшунослар, журналистлар ва шу соҳага қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.  

Тақдимоти доирасида иштирокчиларига "Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси" туркумидан янги нашрдан чиққан китоблар тақдим этилди. Хусусан, "Инсон ҳуқуқлари бўйича атамалар луғати"да соҳага доир 2 мингдан ортиқ махсус атаманинг ўзбек, инглиз, рус тилларидаги таржималари ўз мужассамини топган. "Сайлов ҳуқуқи атамалари луғати" ҳам уч тилда чоп этилган. Унга сайлов ҳуқуқи борасидаги 500 дан зиёд тушунча киритилган.

Н.Усмонова, ЎзА