French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўз айтиш ва ёзиш масъулияти ҳар бир журналистни куну тун бедор қилади
16:30 / 2023-06-27

Муносабат

Бугунги ахборот асрида энг чекка қишлоқ ёхуд овулдаги кичик бир ҳодиса ҳам яшин тезлигида бутун мамлакатга, ҳатто бутун дунё ахборот оламига тарқалиши одатий ҳолга айланди. Яхшидир-ёмондир ҳар қандай ахборот бир зумда кенг тарқалиб, шов-шувга айланиши мумкин, кимгадир зиён, кимгадир фойда, яна кимларгадир катта руҳий зарба бериш кучига эга. Ана шундай қудратли ахборот олами бугунги шиддатли даврда ўзининг ҳам ижобий, ҳам салбий таъсирларини намоён этмоқда.  

Ижобий томонларини яхши биламиз: одамларга маърифат улашади, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан инсонларнинг хабардорлигини таъминлайди, маънавиятни, дунёқарашни бойитади. Аммо ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатларини ҳам унутмаслик лозимки, бу ахборот хуружини, информацион урушни авж олдиришга, жамоатчиликни тўғри йўлдан чалғитишга, пашшадан фил ясаб, қайтариб бўлмас ҳолатларни юзага келтиришга хизмат қилиши ҳам мумкин.  

Ана шундай таҳликали бир даврда журналист халқи оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олиши ва ахборот истеъмолчиларига энг тўғри, энг холис ахборотларни адолатли тарзда етказа билиши лозим. Бунинг учун ахборот оламининг ҳар бир вакилидан катта масъулият, билим ва тажриба, мустақил фикр ва бой дунёқараш талаб этилади.  

Ҳур фикр ва уни эркин ифодалаш имконияти, эркин матбуот, умуман, эркин оммавий ахборот воситалари жамият тараққиётига хизмат қилади. Оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистларга давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим кўприк сифатида қараб келинади. Ана шу кўприкнинг мустаҳкамлиги иккала тизимнинг ривожланишига, бирдек тараққий этишига замин бўлади.  

Шу боис ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 

Бунинг натижасида жамиятнинг бир бурчагида яшириб келинган муаммони фош этиш ҳадиги ортга чекинди. Одамларни қийнаётган турли масалалар, ижтимоий муаммолар рўй-рост очиқлана бошланди. Натижада мавжуд муаммо ва камчиликлар мутасадди раҳбарларнинг мунтазам эътиборида бўладиган бўлди, мавжуд муаммолардан оммавий ахборот воситалари вакиллари хабар топмасидан уни ҳал этиш, одамларни рози қилиш тадориги кўрила бошланди. Мансабдорлар ОАВ вакиллари билан қўпол айтганда, ҳисоблашадиган, фаолиятини борича соҳа вакилларига очиқ-ошкора тақдим этадиган бўлди. Яъни, жамиятда очиқлик, шаффофлик, эркин сўз айтиш муҳити шаклланди. Очиқланиши мумкин бўлган ҳар қандай маълумот журналистлардан яширилмаяпти, ташкилотлар эшиги соҳа вакиллари учун ҳамиша очиқ. 

Давлатимиз раҳбари бугун, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табрик йўллагани соҳамизнинг ҳар бир вакилига чексиз қувонч ва ғурур бағишлади. Қолаверса, “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони билан бир гуруҳ матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари турли орден ва медаллар билан мукофотлангани соҳамизга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан даракдир.

Президентимиз табригида бугунги даврда журналистларнинг фаолияти ва жамиятдаги ўрни ҳар қачонгидан муҳим эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. “Ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги мураккаб вазиятда халқимиз сиз, азизларни демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби бўлган холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларимизга содиқлик каби принципларга амал қилиб, ўз билим ва салоҳияти, ўткир қалами ва ҳароратли сўзи билан жамоатчиликка ижтимоий жараёнлар моҳиятини англаб етишга кўмаклашадиган, уларни бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган фидойи инсонлар деб билади”, дейилади табрикда.

Дарҳақиқат, ҳозирги ўта таҳликали ва турли ахборотлар оқими авж олаётган давр матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан янада ҳушёрликни, холисликни, ишончли ахборотларни улашишни талаб этади. Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган изчил ислоҳотлар дадиллик билан амалга оширилар экан, бу жараёнда журналистлар ҳар қачонгиданда муҳим ўринга эга. Мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи таъминланаётган бир пайтда бу эркинликни тўғри ҳис қилиш ва самарали фойдаланиш фақат тараққиётга, тинчлик-осойишталикка, халқимиз хотиржамлигига хизмат қилади.  

Шу ўринда қайд этиш жоизки, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга конституциявий даражада эътибор қаратилгани қувонарлидир. Яъни, аввалги таҳрирдаги Конституциямизнинг 67-моддаси ОАВнинг эркинлиги, цензурага йўл қўйилмаслиги каби қисқароқ нормаларни изоҳлар эди, холос. Эндиликда янги Қомусимизда “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган алоҳида боб ўз аксини топди. Ундаги моддаларда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаши мустаҳкамланди.  

Ушбу нормалар ахборот олами вакилларини янада қўллаб-қувватлайди, улар учун эркинликни таъминлайди, соҳа ривожига, ахборотлар сифати ошишига, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлиги янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилади.  

Сўз айтиш ва ёзиш масъулияти ҳар бир касбдошимизни ўрни келса, куну тун бедор қилади, изланишга, елиб-югуришга, ҳатто бошқа бир қиёфага кириб, ўша қиёфанинг ҳолатини ҳис қилган ҳолда ёзишга, сўзлашга ундайди. Миллий медиа-маконимизни миллий анъаналаримиз ва замон талаблари уйғунлигида ривожлантириш, жамиятда ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш, тараққиётга тушов бўладиган турли иллатларга қарши курашишда уйғоқлик, тиниб-тинчимаслик ва дахлдорлик ҳисси ҳар бир журналист фаолиятининг ажралмас қисми бўлмоғи лозим.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА