Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Сойибобод маҳалласи ҳақиқатдан ҳам қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик соҳаларидаги муваффақиятлари билан тилга тушган. Маҳалла жамоаси ҳар бир янги лойиҳа орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, иш билан банд бўлмаганларни иш билан таъминлаш ҳамда камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш борасида бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда.
Туман ҳокимлиги ва бандлик бўлими томонидан ОАВ ходимлари учун ташкил этилган пресс-тур давомида бу ҳақда батафсил маълумот берилди. Ҳудуд аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган лойиҳалар ва амалга оширилган ишлар билан таништирилди.

– "Сойибобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 882 та хонадон бўлиб, унда 4840 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди ҳоким ёрдамчиси Муҳаммад Мардонов. – Аҳолимизнинг асосий шуғулланиш соҳалари деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, иссиқхоначилик ва томорқачилик ҳисобланади. Сўнгги вақтда тадбиркорлик ва ҳунармандчилик соҳалари ҳам бир мунча ривожланиб бормоқда. Энг асосийси, аҳолининг ишсиз ва кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш ва уларга муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилиб, ана шундай оилалар ва ёшларга 1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бунинг ҳисобига чорвачилик, парандачилик, беданачилик, мебелчилик, темирчилик соҳалари ривожланиб бормоқда. Бундан ташқари, 115 нафар ишсиз ёшларимизга 50 сотихдан ер ажратиб берилди. Улар ушбу ер майдонларига “Бир контур-бир маҳсулот” тамойили асосида ўтган йили ошқавоқ экишган бўлса, бу йил қовун, тарвуз, сабзи экишди. Шунга яраша даромади ҳам ёмон эмас. Муҳими, аҳолининг мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга нисбатан фикрлари ижобий.

Пресс-тур давомида ёш тадбиркорлар билан танишиш имконияти пайдо бўлди.
– Мебелчилик соҳасидаги билим ва тажрибани водийдаги уста ва ҳунармандлардан ўрганганман, – дейди Азиз Холмаматов. – Аммо ушбу йўналишда фаолият бошлашим учун имконият, ҳатто зарур асбоб-ускуна, арра, хомашё йўқ эди. Ана шундай вақтда ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла ёрдами билан 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олиб, ўз фаолиятимни йўлга қўйдим.
Дастлаб ўз иш фаолиятини 2-3 турдаги ётоқхона, 2-3 турдаги ошхона, меҳмонхона мебель жиҳозларини ишлаб чиқариш билан бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб, у ишлаб чиқараётган тайёр мебель маҳсулотларининг тури 20 дан ошиб кетди. Шунга яраша харидор ҳам бор.

Бу борадаги ишни бошлаганда, унга оила аъзолари ва яқинлари ёрдам берган бўлса, бугун эса бу ишни 4 нафар ишчи ва унинг шогирдлари амалга оширяпти.
Шунга яраша даромади ҳам ёмон эмас, мебелчилик йўналиши ортидан бир ойда ўртача 50 миллион сўмгача бўлган маблағ ишлаяпти. Бунинг ҳисобидан ишчиларга иш ҳақи берилиб, солиқ ва бошқа тўловлардан ортган қисмига хомашё келтириляпти.

Шу маҳаллалик Мадина Холбоева эса 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонида беданани парваришлаш, бедана тухумларини етиштириш йўналиши бўйича иш фаолиятини йўлга қўйган.
– Турмуш ўртоғим оддий ишчи, ўзим уч нафар фарзанд тарбияси билан бандман. Бўш вақтимдан унумли фойдаланиб, рўзғорга оз бўлсада ёрдамим тегсин деган мақсадда шу фаолиятга қул урдим, – дейди у. – Айни вақтда 300 та беданам бор. Яна 3 мингта бедана учун тўлов қилиб қўйганман. Насиб қилса, уларни янги ойнинг ўнинчисига қадар келтираман. Энг эътиборли томони, беданачилик соҳаси катта харажат талаб этмайди. Кичик харажат ортидан катта даромад топса бўларкан.

Айни вақтда Мадинахон парваришлаётган 300 дона беданадан бир кунда 250-270 дона бедана тухуми олиб, уни ўз истеъмолчиларига етказиб беряпти. Бунинг ортидан кунига 150 минг сўм, бир ойда эса 4,5 миллион сўм даромад қилаяпти. Боқувга 3 мингта бедана ҳам келтирилгач, унинг кунлик даромади ўртача 1,5 миллион сўмга ортади.
– Бошланишида бироз иккиланишлар бўлган. Ҳоким ёрдамчиси ёрдами билан қўшни маҳалладаги тажрибали беданачи тажрибасини ўрганиб, кўп бўлмасада, ўзимизга яраша тажриба орттирдик. Энг асосийси, беданачилик соҳаси катта меҳнат, катта харажат талаб этмаслиги бу соҳага бўлган қизиқишимизнинг ортиши ва ушбу фаолият турини йўлга қўйишимизга катта туртки бўлди, – дейди Мадинахон.

Темирчилик йўналишида ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйган якка тартибдаги тадбиркор Зуҳриддин Насриддиновнинг иши ҳам "беш". У ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, 5 та иш ўрни яратди.
– Асосан биз металл пропил, металл композит материалларидан Ҳайтек, Дубай, Дипломот, Андижон, Шармарка усулларидаги дарвоза ва навис, сўри, тебрама курси, тебранма бешик ясашни йўлга қўйганмиз, – дейди Зуҳриддин Нуриддинов. – Харидорларимиз етарли, кунда бўлмасада, кун ора буюртма тушиб туради. Бунда ишлаб чиқараётган маҳсулотимиз сифати, бежирим ва сўнгги фасонлар муҳим ўрин эгаллайди. Қолаверса, буюртма бўлса, уни ўз вақтда бажариш ва буюртмачига етказиб беришга ҳаракат қиламиз. Шунга яраша, буюртмачиларимиз ва харидорларимиз бор. Эътиборли томони, ишчиларнинг иш ҳақи ҳам ёмон эмас. Ўртача бир ойда 7-8 миллион сўмни ташкил этяпти.
Бир сўз билан айтганда, Сойибобод маҳалласидаги амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган. Маҳаллада ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш орқали ижтимоий-иқтисодий ҳолат яхшиланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири