Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сохта табиблар учун жавобгарлик белгиланмоқда
14:14 / 2024-09-21

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар махсус комиссиянинг хулосасига асосан халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга экани белгиланган.

Бунда, соғлиқни сақлаш амалиётида ташхис қўйиш ва даволашнинг фақатгина қўллашга рухсат этилган усулларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

Лекин қонунчиликда халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Оқибатда фуқаролар сохта табибларнинг қурбонига айланмоқда.

Сенат ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар тўлдирилмоқда.  

Фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатилганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.  

Шунингдек, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда.  

Яъни, “Реклама тўғрисида”ги қонун халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдирилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА