Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси истеъмолчиларни чегирмалар ҳақидаги ёлғон рекламалар ёки чегирмали товарлар харид қилишда муаммолар юзага келган тақдирда шикоят қилишликка чақирди.
Ижтимоий тармоқлардаги мавсумий чегирмалар бўйича келган кўп сонли шикоятлар қўмитанинг эътиборини тортди. Давлат органи ходимлари масалани ўрганиб чиқиб, айрим йирик савдо тармоқлари даромад олиш мақсадида чегирмали манипуляциядан фойдаланишларини тасдиқлади. Улар дастлаб нархларни анча ошириб, кейин товарларнинг ҳақиқий қийматини қўяди. Натижада, истеъмолчи товарни анча арзон нархда харид қилдим, деган ўйга боради.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сотувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасида номақбул рекламага йўл қўйилмаслиги белгиланган. Бундай қоидабузарликлар аниқланган тақдирда 1159 рақами орқали қўмитанинг колл-марказига мурожаат қилиш мумкин.
Афсуски, савдо тармоқларининг ёлғон чегирмалардан фойдаланиши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар мавжуд. Кўпинча сотувчилар ўз товарларига чегирмалар эълон қилинганлиги ҳақидаги рекламани тарқатади. Бироқ, бу чегирмалар талаб қилинмаган айрим тоифадаги товарларга нисбатангина белгиланганини айтишмайди. Харидор бу ҳақида фақат дўконга келгандан сўнг хабардор бўлади. Виждонсиз сотувчилар ўз маҳсулотлари атрофида сунъий шов-шув яратиш мақсадида блогерларнинг ёрдамидан фойдаланади. Улар ўз блоклари ва каналларида бу товарларни мақтаб чиқади ва обуначилар бунга кўр-кўрона ишониб қолади.
Хорижий мамлакатларда бу каби ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида Интернетдаги рекламага янги талаблар қўйилмоқда. Хусусан, блогерлар обуначиларни чалғитмаслик учун ўз контентларида реклама ҳақидаги постларни кўрсатиб ўтиши зарур.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА