Бухорода Telegram ижтимоий тармоғида нуфузли ташкилот раҳбари номидан очилган сохта аккаунт орқали фирибгарлик ҳолати аниқланди.
Аниқланишича, 2025 йил 28 декабрь куни номаълум шахс Telegram’да вилоятдаги ташкилот раҳбарларидан бирининг номи ва фотосуратларидан фойдаланган ҳолда сохта аккаунт очган. Ишонч уйғотиш мақсадида ўзини мансабдор шахс сифатида таништирган ва бир қатор корхона ҳамда муассаса раҳбарларига “хизмат топшириғи” мазмунидаги хабарлар юборган.
Шундан сўнг, турли баҳоналар билан масалани тез ҳал қилиш зарурлигини айтиб, пул маблағларини банк пластик карта орқали ўтказишни сўраган. Натижада ташкилот раҳбарларидан бири фирибгарнинг сўзларига ишониб, унинг картасига 8 миллион сўм пул ўтказиб берган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан тезкор-қидирув ва суриштирув тадбирлари ўтказилиб, жиноятни содир этган шахс аниқланган. У 1982 йилда Олот туманида туғилган, муқаддам бир неча бор судланган, ҳозирда ишсиз бўлган ва Когон туманида яшовчи фуқаро экани маълум бўлди.
Гумонланувчи вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармасига олиб келиниб, у билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, унинг бошқа шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири