Фарғона вилояти Сўх туманидаги Қайроқ ва Жавпая массивининг ўзлаштириши юзлаб оилаларни даромадини яхшилаш ва бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Жавпая массивида ўзлаштирилган янги ер майдонларида интенсив боғ ташкил этилди. Кооперация усулида маҳаллий аҳолига, ишсиз ёшларга 50 сотихдан ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Бу ерда ер эгаларига сертификатларни топшириш тадбири катта шодиёнага айланди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари иштирок этди.
Фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, бу ерларни ёшларга бўлиб бериш орқали уларни иш билан, даромад билан таъминлаш мақсадида 2022 йил бошида ўзлаштиришга киришилган Жавпая массивида жами 1000 гектарга яқин ер фойдаланишга киритилмоқда. Дастлабки босқичда массивнинг юқори қисмида тоғлар бағрида 230 гектар майдонда барпо этилган, томчилаб суғориш тизими жорий этилган интенсив ўрикзор, 50 сотихдан лотларга ажратилиб, кооперация усулида ҳудудга яқин яшовчи аҳоли вакилларига ажратиб берилди. Ўрик қаторлари ораларига экилган полиз экинлари, ошқовоқ, дуккакли экинлар илк ҳосилга кирди.

Тадбирда сўз олган Хайрулло Бозоров давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборлари билан Сўх туманида янги тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги муҳити шаклланаётганини қайд этиб, бу жараёнда туман аҳолисини муносиб иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш устувор масала эканини таъкидлади.

Жавпаяда иккинчи босқичда яна 400 гектарга яқин ер майдони фойдаланишга киритилиб, аҳолига ажратиб берилиши режалаштирилаётганини билдирган вилоят ҳокими, денгиз сатҳидан 1 минг 200 метрдан баланд бўлган ҳудудга сув чиқариш учун қисқа муддатда барпо этилган иккита насос станцияси, жорий этилган замонавий томчилаб суғориш тизими, ер майдонларидан мўл ҳосил олишга асос бўлишини қайд этди. Келгуси йилдан фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатида муҳим ҳисобланган заъфарон етиштиришни йўлга қўйиш учун ер эгаларига ҳар томонлама кўмак берилиши таъкидланиб, Сўх тумани иқтисодиёти учун янги давр бошланаётганига эътибор қаратди.

Янги ер эгасига айланган сўхликлар, жамоатчилик вакиллари, оқсоқоллар сўз олиб, тумандаги сўнгги йиллардаги улкан ўзгаришлар, тақдим этилаётган даромад топиш имкониятларидан мамнуниятларини изҳор қилиб, яратиб берилаётган шароитлар учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирдилар.


Катта шодиёнага айланган тадбир, куй-қўшиқлар ва йиғилганлар ижросида рақслар билан узоқ давом этди.
М.Сулаймонов, ЎзА