Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўхликлар Президент қарори ижросини кутишмоқда (видео)
11:55 / 2023-05-01

Анклав ҳудудда жойлашган Сўх ва сўхликлар ҳамиша давлат раҳбари, ҳукумат эътиборида бўлган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг бир неча қарорларига кўра, Сўх тумани аҳолисини қўллаб-қувватловчи хос имтиёзлар жорий қилинди.

Сўх ёшлари мамлакат олий ўқув юртларида таълим олиши учун грант асосида квоталар ажратилди, тадбиркорлик фаолияти юритадиганларга 1 фоизли рамзий солиқ ва яна қатор имтиёзлар белгиланди. Субсидия асосида бериладиган уй-жойлар миқдори оширилди. Сўхга Фарғонадан мунтазам авиақатнов йўлга қўйилди. Кўплаб ижтимоий муассаса – мактаб, болалар боғчалари, парклар бунёд этилди. Гўзал табиат қўйнида ҳавас қилгулик ёзги болалар оромгоҳи очилди. Мамлакат санъаткорлари, ёзувчи шоирларнинг Сўхдан қадами узилмайдиган бўлди.

Бундан миннатдор сўхликлар фидойи меҳнатлари билан мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Кеча бўлиб ўтган референдумда ҳам улар фаол иштирок этдилар. Аммо...

Сўх тумани кенгаши депутатларидан келган мурожаатга “Президент қарори ижроси нега таъминланмади?” деб сарлавҳа қўйилган эди. Унда жумладан, шундай сўзлар бор:

“... Уч йил давомида сўхликлар ичимлик суви билан боғлиқ масалада ижобий ўзгариш бўлишини кутишди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади... Ҳалигача аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмади”.

Бу ташвишли мурожаат қанчалар ҳақиқатга мос?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2020-2023 йилларда Сўх туманидаги 59 мингдан ортиқ аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун 274 километр ичимлик сув тармоғи тортиш ва 30 та ичимлик сув иншооти қуриш ҳамда реконструкция қилиш белгиланган.

Бу ишларга лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан давлат ғазнасидан 105 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 2021 йилдаёқ пудратчи “Янги авлод қурилиш инвест” МЧЖга 45,3 миллиард сўм, 2022 йилда яна 35,3 миллиард сўм тўлаб берилган. Лойиҳа шартига кўра, пудратчи белгиланган ишларни 2022 йилда якунлаши, Сўх туманининг 59 минг аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланиши керак эди. Ҳа, керак эди. Афсуски... келинг, биргина Қақир маҳалласи аҳолисидан эшитинг.

– Ҳушёр қишлоғида ҳар бир уйда биттадан ҳовуз бор, – дейди Қақирлик Шамсиддин Муллаев. – Шундан ичамиз, ёзда ҳам, қишда ҳам.

– Сувни қаердан оласизлар? 

– Бир ойда бир марта навбатимиз келади, ўшанда тўлдирамиз. Етмаса машинасини  100 минг сўмдан оламиз.

–  Маҳаллада 2586 та аҳоли, 521 та хонадон бор. Ариқдан сув келганда ҳовузларни тўлдириб, ўшандан ичамиз, – дейди "Қақир" МФЙ раиси Юнусжон Аминжонов. – Аввало, сўхликларга ғамхўрлик қилаётганлиги учун Президентимизга раҳмат. Маҳалламизга 2 та қудуқ қазиш дастурга киритилган. Биттасини кавлаб насосга тайёрлаб қўйишди. Лекин трансформатори чала, юргизилмаган. Иккинчи қудуқ кавлашганига бир йил бўляпти, аммо ҳалигача натижа йўқ.

Ҳушёр қишлоғида ҳам аҳвол шу каби экан

– Бизнинг қишлоқда 6 та қудуқ кавланди, – дейди туман кенгаши депутати Қодирбек Амирбеков. – Аммо уларнинг биронтасидан ҳам ҳали сув халққа етиб борганича йўқ. Қудуқлар 2021 йил июлгача қазиб бўлинган, лекин сув чиқарилмаган.

Пудратчи – “Янги авлод қурилиш инвест” МЧЖ иш юритувчилари эса ҳамон  ваъданинг каттасини бермоқдалар:

– Ҳозирги кунда кавланган қудуқларга миноралар қўйилмоқда. Камчилигимиз бор, тўғри. Техникамизни, ишчилар сонини оширдик. Қарор бўйича ишни якунлаш муддати 2022 йилгача эди. Об-ҳавонинг инжиқлиги бўлиб қолди... Лекин шу 2023 йил охиригача тўлиқ сув беришни режалаштирганмиз, – дейди “Янги авлод қурилиш инвест” МЧЖ иш юритувчиси Исломхон Шодмонов.

Тўғри, 2021-2023 йилларда маълум даражада ишлар бажарилди. Яъни, 213 километр ичимлик сув тармоғи тортилган, 16 дона янги ичимлик сув қудуғи қазилган, 8 дона мавжуд ичимлик сув қудуғи компрессор ёрдамида тозаланиб, қудуқларга 13 дона сув насослар, 4 дона сув минораси ўрнатилди ҳамда 4 дона сиғими 500 м3 резервуар қурилган.

Хўш, унда нега Сўхлик депутатлар пудратчидан норози, дерсиз? 

– Сув чиқадиган жойдан сув чиқмагани қудуқни ярим кавлаб, ишни чала ташлаб кетилганидан, – дейди Қодирбек Амирбеков. – Бундан ташқари трансформатор ишламайди. Қурувчи ташкилот Намангандан эканлиги учун унинг бошлиғига етиб боришимиз амри маҳол бўляпти. Шунинг учун бир келиб, ишларни кўриб, камчиликларни йўлга солса яхши бўларди.

Ҳа энди, Сўх аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ажратилган маблағ пудратчи – Наманганнинг “Янги авлод қурилиш инвест” корхонасига етиб бормагандирда, деб эътироз билдирманг.

– 12 та маҳалламиз бор. Шунга 79 миллиард сўмдан ортиқ пул берилди, – дейди пудратчи иш юритувчиси Исломхон Шодмонов. – Лойиҳанинг иккинчи босқичи, яъни Сўх туманини тўлиқ сув билан таъминлаш учун жами 250 миллиард сўм маблағ зарур бўлади.

Қурувчининг иштаҳаси карнай, аммо буюртмачи – “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиш бўйича инжиниринг компанияси” Фарғона ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари 2023 йилда яна тўлов қилишдан тийилиб туришга куч топа олган. Улар тақдим этган маълумотларга кўра:

2023 йилга ажратилган 11 миллиард 173,4 миллион сўм маблағни, пудратчи томонидан Сўх туманида қурилиш-монтаж ишларини олиб борилмаётгани ва аҳолининг кескин норозиликларини инобатга олиб, дастлабки аванс маблағлари молиялаштирилмай турибди. 

Қолаверса, ҳудудий бошқарма назоратчилари ҳам қараб туришгани йўқ.

– Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган “Янги авлод қурилиш инвест” МЧЖга 20 дан ортиқ огоҳлантириш хати берганмиз. Қолаверса, вилоят ҳокими номига беш марта, республикага тегишли идораларга фирманинг ишлари сифатсизлиги ҳақида огоҳлантириш хати юборганмиз, – дейди назоратчи Нодирбек Ботиров.

Шунга қарамай, пудратчи 2021-2023 йилларда эришган натижасини пеш қилади.

– Ҳозир учта маҳаллага сув берилди. Сариканда, Шарқобод, Лембург, – дейди Исломхон Шодмонов.

– Аммо ёлғоннинг миси дарҳол чиқар экан.

– Ҳозирги кунда бешта маҳаллага сув чиқариб берилди, лекин фойдаланишга ҳали қабул қилинмаган. Сабаби, ўша қишлоқлардаги ишнинг чалалиги, – дея эътироз билдирди “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиш бўйича инжиниринг компанияси” Фарғона ҳудудий бошқармаси назоратчиси Нодирбек Ботиров.

Назоратчиларни бюрократликда айбламанг. Меъёрий талаблар ҳам бир гапда. Аммо айрим маҳалла аҳолиси сабри чегарасига келган эди. Шунда ҳали фойдаланишга топширилмаган қувурлар жўмраги очиб берилди. Масалан, Сариканда маҳалласида.

– Сув орзуимиз эди, – дейди Малоҳат ая. – Неча йилдан буён сувга муҳтож эдик. Ўзимиз роса ҳаракат қилиб олиб келолмадик.

– Президентнинг қарори билан маҳаллага сув тортилди. Ҳозир яхши, ҳамма хонадонларда сув бор. – дейди Малоҳат аянинг турмуш ўртоғи Насриддин ака Тошхўжаев. Малоҳат ая эса шундай қўшимча қилди:

– Ҳаммамизнинг орзуимиз ушалди. Ўшандан буён Президентимизни дуо қиламиз.

Сўх дарёси Сўх тумани ҳудудидан оқади. Қолаверса, булоқлари ҳам бор. Аммо тоғ қишлоқларида тоза ичимлик суви ҳамиша муаммо бўлган. Унга етишган одамларнинг қувончини қаранг!

Бу учта қурилиши якунланмаган маҳаллаларга ичимлик суви бериш бошланган бўлса-да, ҳали олдинда ишлар жуда кўп. Хўш, улар қачон амалга ошади? Қачон қолган 9 та маҳаллага тоза ичимлик суви боради?

– Буларнинг мурожаати юзасидан раҳбаримиз келди, гаплашдик, – дейди Исломхон Шодмонов мақтаниб. – Шундан кейин ишчилар сони 30 тадан ошди, 10 та техника бўлди.

Пудратчи айтаётган рақамларга куласанми, ё куясанми?

 

 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/zllcL-AJDzM" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

– Туманда олиб борилаётган шунча катта ҳажмдаги ишларни 30 нафар ишчи кучи билан ҳамда 10 та техника билан амалга ошириб бўлмайди, – дейди шу заҳотиёқ пудратчига яна эътироз билдирган назоратчилар вакили Нодирбек Ботиров. – Биз, “Сув таъминоти ва оқова сув инжиниринг компанияси” томонидан пудратчи ташкилотга ишчи ва техника сонини ошириш талабини қўйдик.

Ўзингиз кўрдингиз, халқ депутатлари, маҳаллалар вакиллари ҳамда Президент қарори ижрочилари иштирокида мурожаатдаги масала холис ўрганилди ва намойиш қилинди.

Хўш, Президент қабул қилган қарордаги белгиланган муддатлар йиллар давомида чўзиб келинаётгани, тўлаб берилган ва сарфланаётган ўнлаб миллиард сўм маблағлар натижасизлиги, аҳолининг ҳамон тоза ичимлик суви билан таъминланмаётгани учун ким жавоб беради? Президент қарорида кўрсатилган мутасаддилар, вилоят  ва туман ҳокимлиги бунинг сабабларини очиқ-ошкора халққа, аввало, сўхликларга тушунтириши, юзага келган ижро турғунлигини ҳаракатга келтириши керак эмасми?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бу мавзуга яна қайтади.

Муаллиф Муҳаммаджон ОБИДОВ.

Тасвирчи Элёр ОЛИМОВ