Сўхлик мард ўғлоннинг қаҳрамонлиги унутилмайди
Ватанимиз мустақиллигини ёвуз кучлардан ҳимоя қилишда фидойилик кўрсатган мард ва довюрак ўғлонларимизнинг порлоқ хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди.Айниқса, уларнинг кўрсатган жасорати ёшларга ибратдир. Фарғона вилоятида Ватан ҳимоячилари кунида ана шундай ўғлонларнинг қаҳрамонлиги ёдга олиниб, оила-аъзоларидан хабар олинмоқда.
Сўх туманилик катта сержант Хайриддин Холбоев 2000 йили Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманларида халқаро террорчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Бугун туман ҳокимлиги, ҳарбийлар ва жамоатчилик вакиллари Ленбур маҳалласидаги у туғилган хонадонда бўлишди.
Хайриддин Холбоевнинг ота онаси – Шодибой ва Гулсунби Холбоевларга Фарғона вилояти ҳокимининг эсдалик ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Хайриддин Холбоев таълим олган Сўх туманидаги 18-сонли умумтаълим мактабида унинг бюсти ўрнатилган. Мактаб ичида эса қаҳрамон йигитга бағишланган музей ташкил қилинган.
М. Сулаймонов, ЎзА