Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўхга тоза ичимлик суви келтирилди (+видео)
15:37 / 2024-10-16

Сув – ҳаёт. Бу мунозара қилинмайдиган мавзу. Қорли чўққилардан ирмоқ олган Сўх дарёси сўхликлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ундан олинган сув билан минглаб гектар майдонлар суғорилади, ҳаёт неъматлари етиштирилади. Аҳоли Сўх дарёси сувидан ариқлар орқали ёки машиналарда ташиб келиб ичишар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Сўхга тоза ичимлик суви келтирилмоқда. Чашма, Демурсад, Ғазнов, Ҳазрат Али, Қалача, борингки, 22 та маҳалла кўчаларида “YANGI AVLOD QURILISH INVEST” МЧЖ қурилиш монтаж ишлари олиб бормоқда.

– Бугунги кунгача маҳаллаларда 17 та қудуқ қазилди. 7 та янги насос ишга туширилди. 4 дона сиғими 500 кубометрли сув иншооти қурилди, – дейди Сўх тумани сув таъминот бўлими раҳбари Фарҳоджон Азимбеков. – 265 км. га яқин янги ичимлик суви тармоқлари тортилди.

Бу ишлар учун 104,2 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди.

Навобод маҳалласида 745 та хонадон, 4580 нафар аҳоли яшайди.

– 95 фоиз аҳоли Президент қарори асосида тоза ичимлик суви билан таъминланди, – дейди навободлик фуқаролар.

– Икки йилдан буён сувлар бемалол, босим яхши, бирон кун тўхтагани йўқ, – дейди “Навобод” МФЙда истиқомат қилувчи Рустамжон ака Акбаралиев. – Илгари машинада сув ташиб келиб ичар эдик.

Тоза ичимлик суви орзуимиз эди, деган гапни ҳар ерда эшитасиз. Қирғизистон чегарасидаги тоғли Малбут қишлоғи улардан бири.

Сўх денгиз сатҳидан 1500 метр юқорида жойлашган. Малбут қишлоғи эса ундан ҳам 240 метр юқорида. Айтишларича, Сўх Малбут қишлоғидан бошланган. Биринчи сўхликлар шу қишлоқдан бўлишган. Лекин орадан неча асрлар ўтган бўлишига қарамасдан малбутликлар ҳеч қачон тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.

Ҳозир Малбутда қурилиш-монтаж ишлари давом этяпти. Қудратли техника ҳандақ қазиб сув иншоотига асос яратяпти. Маҳалланинг кўчаларида ҳар бир хонадон остонасида сув ҳисоблагичлар ўрнатилди. Биз шу ердаги хонадонларнинг бирида юз ёшли Жума ота Олимов зиёратида бўлдик.

– 55 йилдан буён шу ерда яшаб келяпман, – дейди юз ёшли Жума ота Олимов. – Сув йўқ эди. Президентимизга балли, бизни ҳурмат қилиб сув чиқариб беряпти. Бунинг қадрига етишимиз керак.

Жума ота умр бўйи, яъни бир асрдан буён тоғдан оқиб келаётган сувни хонадонидаги ҳовузга тўлдириб, тиндириб ичиб келди. Ҳозиргача ҳам шундай. Ичгани, ош-овқатга, кир ювиш ва ювинишга ҳовуз сувидан фойдаланади.

– Малбут қишлоғида яшаб келяпмиз. Сув йўқ. Роса қийналдик. Оқин сув бир ҳафтада бир марта келади, ярим соатдан навбат билан оламиз. Томорқага йўқ. Ҳар хонадонда биттадан ҳовуз қуриб олганмиз, – дейди Қумри опа Мирзааҳмедова. – Бир умр кутганмиз тоза сув келишини. Президентимизга раҳмат. Соғ-омон бўлсин. Малбутдаги ҳамма уйларга сув келди, худога шукр. Менинг уйимга ҳам тушди, супамнинг тагигача олиб боришди.

Мана нима учун малбутлик, сўхликлар сув қадрини улуғлайди.

Лекин Сўхга, жумладан, Малбут қишлоғига сув олиб келиш осон кечмади. Бу, албатта, жой рельефи тоғлардан иборатлиги билан боғлиқ. Сув юқорига бир неча кўтариш иншоотлари билан олиб чиқилар эди.

– Дарё бўйидан 140 метрли тик қудуқ кавлаб, сув чиқардик. Мана монтаж ишлари бўляпти, – дейди иш юритувчи Неъматжон Матмусаев. – Сув ҳавзасининг сиғими 100 кубометр. Малбут қишлоғининг энг баланд жойига ўрнатилган сув минораси бор. Сиғими 25 кубометр, ундан аҳоли хонадонларига тармоқ тортилган. Тез кунда сув берамиз.

Иш давом этмоқда. Аммо бош пудратчининг муаммолари ҳам оз эмас. Маҳаллий ҳокимият ва аҳолининг қатъий талаби билан пудратчи томонидан лойиҳадан ташқари маҳаллаларга қўшимча 33 километр сув тармоқлари тортилган. Бунга 20 миллиард сўм сарфланган. Бажарилган ишни қабул қилиш ва буюртмачи томонидан тўловни амалга ошириш муаммо бўлиб турибди.

Яна бир масала фойдаланувчи ва хизмат кўрсатиш идораси билан боғлиқ. Ҳалигача Сўх тумани сув таъминоти бўлимининг ўз биноси, авария ҳолатида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган таъмирлаш автомашинаси йўқ. Шунга қарамай, Сўх қишлоқлари, маҳаллаларида сув қувурлари тортиш ишлари давом этмоқда.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/211R-kVIrTE" title="Soʻxga toza ichimlik suvi keltirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

– Бу уч босқичли лойиҳа. Биринчи босқич амалга оширилди, – дейди Фарҳоджон Азимбеков. –Иккинчи босқич 2024-2025 йилларда якунланади. Тумандаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун яна 120 километрга яқин қувурлар тортилиши керак.

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат, видео),

ЎзА мухбирлари