Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўхдаги муаммолар ўз ечимини топмоқда
16:46 / 2022-02-23

Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди Сўхда бўлган киши гўзал табиат, пурвиқор тоғлар ошиғига айланади, бу ердаги ўзгаришларга, янгиланишларга бевосита гувоҳ бўлади.

Кейинги икки йилда ишсизлик, ичимлик сув, электр энергия таъминоти, йўлларни асфальтлаш каби ишларга давлат бюджетидан маблағлар ажратилиб, йиғилиб қолган муаммолар босқичма-босқич ечим топяпти.   Тадбиркорликнинг тобора ривожланаётгани, чекка ҳудудларда истиқболли лойиҳаларнинг ишга туширилаётгани одамлар дунёқарашини ўзгартираётгани рост. Биргина ўтган йилда 219 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Уларнинг 83 тасига 18 миллиард 603 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, янги лойиҳалар иш бошлади. 102, 7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида эса 95,3 миллиард сўмлик 56 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 700 дан ортиқ иш ўрни яратилди.  

Шу билан биргаликда, Жавпая массивида янги ерларни ўзлаштириш ишлари авжида. “Қайроқ” сув насос станциясининг қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Фарғона-Сўх- Фарғона йўналишида авиапарвозларнинг йўлга қўйилгани ҳам барчани беҳад мамнун этмоқда. Бугунги кунда Сўх туманида жами 8,1 гектар умумий ер майдонига эга бўлган 5 та кичик саноат зоналари ташкил этилган. Шундан 5,1 гектар ер майдонида 2 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси фаолият олиб бормоқда. Ушбу кичик саноат зоналарига умумий қиймати 10,77 миллиард сўмга тенг бўлган 50 та лойиҳалар жойлаштирилган бўлиб, бунинг натижасида 161 та янги иш ўринлари ташкил этилади. Ҳозирда лойиҳаларни ишга тушириш борасида ишлар давом этмоқда. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, туманда хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда сифатли хизмат кўрсатишга ихтисослашган объектлар барпо этилмоқда. Ҳар бир маҳаллада 18 хил турдаги хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш мақсадида “маҳаллабай” кесимида умумий қиймати қарийб 182,5 миллиард сўм бўлган 180 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда 36 миллиард сўмлик янги қувватлар бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.  

Ўтган даврда унинг аксарияти фойдаланишга топширилди. «Сўх маиший хизмат авто» МЧЖ томонидан «Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умумий қиймати 5 миллиард 860 миллион сўм бўлган “Автосалон ҳамда автомобилларга хизмат кўрсатиш” лойиҳаси амалга оширилди. Бунинг учун АТ “Халқ банки” Сўх туман бўлими томонидан 960 миллион сўм кредит маблағи ажратилди, қолган сарф-харажатлар тадбиркорнинг ўз ҳисобидан қопланди. “Мулгон” маҳалла фуқаролар йиғинида ёш тадбиркор Илҳомжон Саломов саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан аҳолига хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этилди. Унинг қурилишига 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бинонинг биринчи қаватида савдо мажмуаси жойлашган бўлиб, бу ерда озиқ-овқат ва кийим-кечак расталари мавжуд.  

– Иккинчи қаватда ўқув курслари очилади, – дейди тадбиркор. – Зеро, бугун ёшларга, айниқса, хотин-қизларга турли касб сир-асрорини ўргатиб, уларни бандлигини таъминлашга кўмаклашиш долзарб аҳамиятга эга. Туманнинг “Шарқобод” маҳалла фуқаролар йиғинида республика бюджети маблағлари ҳисобидан “Ал-Беҳруз қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўм бўлган 14-сонли мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинди. “Офтобру” маҳалла фуқаролар йиғинида лойиҳа қиймати 12 миллиард 500 миллион сўм бўлган янги замонавий умумтаълим мактабини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли терапия бўлими биноси қад ростлаяпти. “Чашма”, “Девайрон” ва “Навобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида эса кўп қаватли уйлар бунёд этилаётган бўлиб, яқинда уй тўйлари нишонланади. 

– Жорий йилда туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз, – дейди туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев. – 39 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 3 миллион 400 минг АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилади. Ичимлик сув таъминоти 100 фоизга етказилади. Бунинг учун 30 та сув иншоотлари қурилади ва реконструкция қилинади, 274 километр ичимлик сув тармоқлари тортилади. 

Жавпая массивида 3696 гектар ўзлаштирилмаган лалми ер майдонлари мавжуд бўлиб, каврак ва бошқа ўсимликлар етиштириш учун тадбиркорлар ва фуқароларга ажратиб берилади.  

Дарҳақиқат, бугун Сўх туманининг ҳар бир маҳалласида бунёдкорлик ишлари қизғин. Асосийси, одамларнинг кайфияти, турмуш даражаси тобора яхшиланиб бормоқда.  

М. Сулаймонов, ЎзА