Президент қарорлари амалда
Бу кўринишлар Фарғонанинг марказий шифохонасида эмас, узоқ Сўх туманида тасвирга туширилган. Президент қарорлари асосида Сўхда амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббиёт соҳасини ҳам қамраб олди. Сир эмас, ҳатто 4-5 йил аввал ҳам сўхликлар чегараларни кесиб ўтиб вилоят марказидаги шифохоналарга боришар эди. Бугун бутунлай бошқача манзара. Кўркам бинолар қад ростлади. Замонавий тиббий техник жиҳозлар келтирилди. Энг муҳими, барча тор йўналишлар малакали мутахассислар билан таъминланди. Сўзимиз ҳавойи бўлмасин. Далиллар келтирайлик.
- Юқумли касалликлар шифохонаси 3,5 млрд сўм, терапия бўлими 3,7 млрд, Ленбург қишлоғидаги оилавий поликлиника 2 млрд ҳисобига қурилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиқ ўринбосари Санжарбек Исмоилов.
Сўхда илгари кардиология, неврология, эндокринология шифохоналари йўқ эди. Эндичи? Санжарбек Исмоилов айтишича янги қурилган бинода бу йўналишлар ташкил этилди.
- Ўн ўринлидан кардиология, неврология ва эндокринология бўлимлари очилди. Ҳозир улар фаолият юритмоқда, - дейди у.
Бу каби йўналишларга шубҳасиз замонавий тиббий жиҳозлар керак эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси турли лойиҳа, дастурларга биринчи галда Сўх шифохоналарини киритди. Бугун бу ерга бронохоскоп, рақамли рентген, ҳатто бемор пулт орқали ўзи бошқарадиган махсус кроватлар хам келтирилган. Сўх шифохоналари лапораскопия ускуналарини-ку орзуламас эдилар. Энди бир неча турдаги жарроҳлик амалиёти ана шу аппаратлар воситасида бажарилмоқда.
- Мен ўн йилдан буён шу ерда шифокор бўлиб ишлайман. Бунақа аппарат хеч қачон бўлмаган. Одамлар авваллари 120 км йўл юриб, Фарғонага бориб операция қилдириб келар эди, - дейди жарроҳ Беҳзод Йўлчиев. – Яқинда лапороскопия аппарати берилди. Шу ойнинг ўзида ўнта операция ўтказдик.
Бинолар тикланди, тиббий жиҳоз, ускуналар келтирилди. Аммо тоғ олди, олис, қолаверса бошқа давлат ҳудудидан ўтиб бориладиган анклав – Сўхда малакали шифокорлар етарлимиди? Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Президент қарорининг моҳиятини тарғиб қилди. Унга кўра иш хақига устамалар, иш стажига қўшимча ҳисобланиши, энг муҳими, Сўх ва сўхликларни қўллаб қувватлаш лозимлигини тушунтира олди. Бугун Сўхда бошқа ҳудудлардан келган 36 нафар шифокор ва мутахассис фаолият кўрсатмоқда.
- Мен Қува туманиданман. Бир йил бўлди турмуш ўртоғим билан Сўхга келиб ишлаяпмиз, - дейди шифокор Зуҳриддин Ботиралиев. - Мулғон оилавий шифохонаси маҳалладаги 6,5 минг аҳолига хизмат қилади. Мен бошчилигимдаги шифокорлар гуруҳига икки минг нафар фуқаро бириктирилган. Сўхликлар билан ака-ука, ака-сингил бўлиб кетдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/B6COecOn5fc" title="Президент қарорлари амалдаСўхда замонавий тиббиёт маркази яратилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Сўх тиббиётидаги энг оғриқли масала малакали аёл гинекологнинг етишмаслиги эди. Натижада ой-куни яқинлашганлар Фарғонага йўл оларди.
- Туғруқ бўлимида акушер-гинеколог врачимиз йўқ эди, - дейди Санжарбек Исмоилов. – Акушер гинеколог келганидан кейин, масалан август ойида Сўх туғруқхонасида 207 та чақалоқ дунёга келди. Фарғонага бориб кўзи ёриганлар 43 та эди. Авваллари бунинг акси бўлган. Сўхда ҳар ойда 40-45 та туғруқ бўлса Фарғонага бориб туққанлар 210-220 та эди. Сўхга малакали мутахассис келганидан сўнг ҳомиладорлар 120-140 км йўл юриб Фарғонага боришига ҳожат қолмади.
Сўх ва сўхликлар ҳамиша давлат рахбарининг эътиборида бўлган. Сўх тиббиётидаги ўзгаришлар эса ана шу эътиборнинг маҳсулидир.
Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов