Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўхда Янги Ўзбекистон нафаси
12:24 / 2022-07-19

Одамзод табиати қизиқ. Кўз ўнгимизда улкан ишлар, янгиланишлар юз беради-ю, баъзида англамаймиз. Аслида, бугунги ҳар бир кунимиз юксалишга бой воқелик сифатида тарихга муҳрланяпти, зарварақлардан жой олмоқда. Асосийси, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида янги тарих яратилмоқда. Энг чекка Сўх туманида ҳам буни яққол кўриш мумкин.

Она Ватаннинг ҳар бир қарич ерида халқимиз меҳри, қалб ҳарорати бор. Фарғона вилоятининг Сўх туманига кириб бораркансиз, ўзгача тароватдан дилингиз яйрайди. Чегара постида ҳилпираётган давлат байроғи эса янада фахр-ифтихор бағишлайди. Файзли кўчалар, ободликка юз тутаётган манзилларга ҳавас билан боқасиз. Кейинги йиллардаги бунёдкорлик ишлари натижасида сўхликларнинг дунёқараши ўзгарди, турмуш даражаси яхшиланди, ижтимоий-иқтисодий муаммолари ўз ечимини топмоқда.

[gallery-7959]

Мақсад аниқ бўлса, манзил бир қадам, деган гап бежиз эмас. Бугунги кунда ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолини ҳаётдан рози қилишдир. Сўнгги беш йилда Сўхга қарийб бир триллион, жумладан, 2021-2022 йилларда 500 миллиард сўм ажратилди. Замонавий уй-жойлар, шифохона, мактаблар қурилди, янги йўллар очилди. Биргина «Қайроқ» сув насос станциясига 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Энди адирлардаги минг гектардан ортиқ ер суғориладиган экин майдонига айланди. “Жавпая” массивининг ўзлаштирилаётгани эса минглаб оилаларга даромад келтириб, камбағалликни қисқартиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, сўхлик тадбиркорларга берилган солиқ имтиёзларининг ўзи бир йилда 19 миллиард сўмни ташкил этди. Бу маблағ туманда тадбиркорлик ва ишбилармонликка имкониятлар эшигини очиб берди, дейиш мумкин. Тинч-осойишта, фаровон ҳаёт шукуҳи, обод этилаётган кўҳна обидалар, зиёратгоҳлар, қадрдон қишлоқлар қиёфасини ўзгартириб юбораётган таълим ва тиббиёт объектлари, спорт комплекслари, маданий-маърифий иншоотлар тумандаги ҳар бир оила, инсон қалбида яшаш завқини, эртанги кун истиқболига бўлган ишончни юксалтирмоқда.

Бундай эзгу ташаббуслар барча-барчани муштарак мақсадлар йўлида ўзаро жипслаштиргани, аҳил-иноқликда меҳнат қилишга ундаётгани қувонарлидир. Меҳнатдан чин маънода роҳат топаётганлар, ҳаётидан розилик ила очиқ чеҳра билан олға интилаётган заҳматкашларни кўрганда кўнгилда ғурур, ифтихор пайдо бўлади.

Яқинда фойдаланишга топширилган замонавий “Сўх” болалар оромгоҳини сўхликлар эртак, деб биларди. Бугун эса эртаклар ҳақиқатга айланди. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қисқа муддат ичида азим тоғлар оралиғидаги 5 гектар майдонда давлат бюджетидан ажратилган салкам 28 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига бунёд этилган 200 ўринли кўркам ва замонавий иншоот ақлни шошириши табиий, албатта.

“Бир кунгина дунёни болаларга берайлик” деб ёзганди турк шоири Нозим Ҳикмат. Бу оромгоҳда эса отаётган ҳар бир тонг болаларники. Тинчлик қўшиқларини куйлаб, ерда Ер шарини ўйнаб, йўлида учраган тўғонларни ёриб, ёниб яшашни бошлашди улар.

Оромгоҳ айвонларида басма-бас янграган шиорлар эса кун келиб, ҳақиқатга айлангай:

“Аъло хони кори мо, Пешрови шиори мо”. “Биз буюк мақсад билан йўлга чиққан ўғил-қиз, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори бўламиз!”

Жажжиларнинг шўх-шодон қийқириқлари, кичиккина жуссаси билан юртини суяшга интилаётган беғубор қалбларнинг иқрорлари тоғларга урилиб, юрагимизда акс-садо бергандек бўлди гўё.

– 20 йилдан буён ёз фасли келди дегунча, 20-30 нафар сўхлик болажонларни Қўқон шаҳридаги “Коинот” дам олиш масканига олиб борардим, узоқ йўл, хавфсизлик масалаларига жавобгарлик жуда қийин эди, – дейди “Сўх” болаларни соғломлаштириш оромгоҳи директори Таваккал Эркаев. – Ўзимизда мукаммал шароитга эга бундай оромгоҳ бўлишини тушимизда кўрардик, холос. Президентимиз азми-шижоати билан тушлар ўнгга айланди. Болаларнинг болалигини қайтариб бергандек бўлди бу маскан. Жорий йил ёзги мавсум давомида минг нафар болани соғломлаштиришни режалаштирганмиз.

Оромгоҳнинг очилиш маросими шукуҳини сўхликлар ҳали унутгани йўқ. Тадбирда иштирок этган меҳмонлар Сўхдаги ўзгаришларни, янгиланишларни эътироф этди.

– Сўх водийси инсониятнинг Марказий Осиёдаги энг қадимги масканларидан бири ҳисобланади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо. – Тош асри ёдгорликлари ҳақида сўз кетганда башарият Чашма ва Селунгур маконлари тилга олинади. Обишир маданияти эса ажиб мўъжизалардан сўзлайди. Фарғонанинг, жумладан, Сўхнинг бир сиқим тупроғида бир асрлик тарих мужассам, бу ерда ҳар бир тоғ, қир, адир, ҳатто тошгача кўҳна тарих, боқий маданият ва маънавиятга дахлдор. Сўхда улуғ алломалар, азиз авлиёлар руҳи ҳикматини туямиз. Ҳазрати Бобур нафасини ҳис қиламиз. Санги Ойина, Ҳазрат Али, Маҳмуд Ғазнавий, Бобур кўприги, Мозор бува каби кўҳна ёдгорликлар, қадамжоларда не-не улуғларнинг изи бор, узоқ ўтмишимиз гувоҳи улар. Аминманки, Янги Ўзбекистон нафасини бугун ҳар бир сўхлик инсон ўз ҳаётида, оиласи мисолида ҳис қилиб турибди.

Бугун Сўхда 80 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Президентимиз нафақат мана шу 80 минг, балки эртага, келгусида туғиладиган юзлаб, минглаб фарзандларимиз бахтли ва фаровон яшаши учун Сўхга катта эътибор қаратяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 75 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 76,9 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Бунинг натижасида 2 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича 236,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 12 та давлат, оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди, 11 та мактабгача таълим ташкилотида қўшимча гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди ҳамда боғчага қамров кўрсаткичи қарийб 70 фоизга етказилди. Мактаблар таъмирига 34 миллиард сўм, тиббиёт муассасалари қурилиши ва жиҳозланишига 27,8 миллиард сўм, спорт объектларига 5,5 миллиард сўм сарфланди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида “Ровон”, “Истиқлол”, “Қалъа”, “Сўх”, “Ғазнов”, “Ҳушёр”, “Мулгон”, “Шарқобод”, “Офтобру” маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилаётган ободончилик, бунёдкорликлар аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда. Айниқса, сўхлик ёшлар учун олий ўқув юртларига кириш учун 500 та квота ажратилиши улар камолоти, сўх истиқболига қаратилган муҳим қадам бўлди. Энг қувончлиси, Сўхга Фарғона вилояти марказидан авиарейслар қатнови йўлга қўйилди, сўхлик ёшларга олий таълимга киришда махсус грантлар ажратилди. Аслида, бугун бу каби янгилик ва ўзгаришларнинг саноғига етиш қийин.

Сўх юртимизнинг анклав мақомидаги ҳудуди бўлиб, мустақилликнинг қарийб чорак асрлик тарихида туман аҳли айни шу омил сабаб кўплаб муаммолар билан юзма-юз яшашига тўғри келди.

– Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланганидан кейин дилбар Фарғонанинг узвий бир бўлаги бўлган Сўх туманига муносабат бутунлай ўзгарди, – дейди сўхлик меҳнат фахрийси Субҳиддин ота Шарофиддинов. –Йиллар давомида қийнаб келган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилди. Қишлоқ кўчаларини айланиб, орасталикдан ҳузурланасиз. Шу боис, бугун сўхликлар тилида-ю дилида шукрона. Қалбимизда мамлакат тақдири ҳамда бунёдкорлик ишларига дахлдорлик туйғуси жўш урмоқда.

Бир умр таълим тизими фидойиси бўлган Субҳиддин ота юрт равнақи, ривожи йўлида хизматга астойдил камарбаста бўлишга ундовчи бундай хайрли юмушлар бугунги долғали замонамизда жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтади. Умуман олганда, туманда бу каби ёши улуғ инсонлар ибратли ҳаёти, ҳалол меҳнати билан барчага ўрнак бўлмоқда.

Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари. Уларнинг камолоти учун барча масъул. Шу боис ҳам улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти, барча шароитлар яратиляпти. Шу туфайли Сўхда ҳам илм-фан, спорт, бадиий ижод, тадбиркорлик соҳасидаги ютуқлари билан барчамизни ҳайратга солаётган навқирон авлоднинг сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётир. Биргина спорт соҳасида мамлакат, қитъа ва жаҳон миқёсидаги чемпионатларда зафар қучиб келаётган Расулбек Давронов, Абдураҳим Қозиев, Фарҳод Исоев, Суҳробжон Қориев, Насим Муҳиддинов, Рустам Казаров сингари кўплаб сўхлик ёшлар номини фахр билан тилга олишимиз мумкин.

Тадбиркорлик бугунги кунда туманнинг драйверига айланмоқда. Замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этиш, хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчилик анъаналарининг жадал ривожланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда туман иқтисодиёти қарийб икки баробарга ўсди, кичик бизнес субъектлари сони беш ҳиссага кўпайди.

Инсон қачон эртанги кунига ишонч билан боқади? Қачонки, рўзғори бут, турмушида хотиржамлик бўлса. Бунинг учун эса, аввало, доимий даромад манбаи бўлмоғи, бошқача айтганда, салоҳияти ҳамда лаёқатига яраша ишламоғи керак. Яширишнинг ҳожати йўқ, Сўхда аҳолининг катта қисми дуч келаётган долзарб масалалардан бири ишсизлик ҳисобланади. Шу маънода, бу ерда бандлик масаласига эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Жавпая, Сурати, Варган ҳамда Малбут массивларидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмай, йиллар мобайнида қаровсиз ётган 4 минг гектарга яқин адирлик ер майдонлари Фарғона давлат ўрмон хўжалигига ажратиб берилди. Ҳозирда ушбу ерларда лимончиликни йўлга қўйиш, лаванда, каврак, наъматак каби шифобахш мева ва ўсимликлар етиштириш мақсадида истиқболли лойиҳалар амалга ошириляпти.

– Жавпая массивининг асрлар давомида сувсизликдан қуриб-қақшаб ётган тош-шағалдан иборат ерларини ўзлаштириш ишлари авжида, – дейди ёшлар фаоли Дадахон Ҳасанов. – Фарғона вилояти ҳокимлиги кўмагида замонавий ирригация тармоқлари ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Деҳқончилик қилиш учун барча шароитлар муҳайё қилингач, ерлар “Тул”, “Қалача”, “Соҳибкор”, “Ғазнов” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ташаббускор тадбиркор оилаларга 10 сотихдан иссиқхона ва 1 гектаргача боғ яратиш учун бўлиб берилаётир.

Бу массив учун Сўх дарёсидан беш километргача бўлган масофага сув, икки километрдан ортиқ жойдан электр тармоғи тортилди. Махсус ҳовузлар барпо этилиб, экин майдонларида томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйиляпти. Ҳудудда мингга яқин оила ер олиб, мевазор боғ яратиш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Сўх олмаси, нок, ўрик, хурмо, шафтолиси жуда ҳам харидоргир эканлигини инобатга олсак, яхши ниятда иш бошлаётган бу инсонларнинг даромади чакки бўлмайди.

2022 йилда Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 39 та инвестиция лойиҳаси доирасида 3 миллион 400 минг АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилиши мақсад қилинган.

Яқин йилларгача ҳам Фарғона вилояти туманлари ичида Сўх ичимлик сув таъминоти энг оғир ҳудуд ҳисобланарди. Бу йил якуни билан туманда ичимлик сув таъминоти 100 фоизга етказилади. Бунинг учун 30 та сув иншооти қурилиши ва реконструкция қилиниши, 274 км ичимлик суви тармоқлари тортилиши режалаштирилган.

Чегаранинг ортида Ватан бор. Лекин икки юртни боғловчи чегара масканларидан ўтиш хусусида гап кетганда, бундан беш-олти йил олдин сўхликлар оғир хўрсиниб қўярди. Бу хўрсиниқ азобларини ўша йиллари мазкур чегара масканларидан ўтган ҳамюртларимиз яхши англаши мумкин.

Яхшики, Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган оқил ва доно сиёсати туфайли кўп йиллик “муз”лар эриди. Икки қардош халқ муносабатларида қайта бўй кўрсатган дўстона муносабатлар сўхликлар қалбига ҳам ором бахш этди. Фарғона вилояти ва Қирғизистонинг Боткен вилоятлари орасида “Риштон” (“Қайтпас”), “Тул” (“Этикчи”) чегара постлари фаолияти тикланиб, Қирғизистон орқали ўтган “Сўх-Риштон” йўли очилгани туман аҳли учун сўнгги йиллардаги унутилмас воқелик бўлди. Бугунги кунда Фарғона вилояти марказига келиш учун 80 километр йўл босиб, беҳуда вақт сарфламай, қисқа – 20 километр йўл орқали кўзланган манзилга етиб олиш имконияти яратилди.

– Сўхликларнинг кўп йиллик яна бир орзуси рўёбга чиқиб, янги аэропорт бунёд этилди, – дейди Субҳонали Нишонов. – Бу ишлар учун давлат бюджетидан етти миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Эндиликда ҳафтанинг муайян кунларида самолётлар парвози амалга оширилмоқда. Умумий майдони етти гектар, узунлиги етти юз метрни ташкил этган учиш қўналғаси “ҳаво кемалари”нинг эркин ҳаракатланиши имконини беради. Фарғона вилояти марказидан Сўхга авиақатновлар йўлга қўйилиши сайёҳлар оқими кўпайишига хизмат қилишини инобатга олиб, Сўхдаги аэропортга ёндош ер майдонлари лавандазорга айлантирилмоқда. Бу келажакда дунё сайёҳларини ўзига оҳанрабодек тортувчи лаванда фестивалларини ўтказишда қўл келиши шубҳасиздир.

Айни кунларда туманда фахрийлар учун юз ўринли дам олиш маскани қурилиши юзасидан амалий ишлар бошланаётгани сайёҳлик инфратузилмаси ривожи учун яна бир қулайлик сифатида эътироф этишга арзийди.

Сўх – табаррук қадамжолар, обидалар, маданий мерос объектлари масканидир. “Ҳазрат Али”, “Султон Ғазнавий” зиёратгоҳи, “Селунғур ғори”, “Хўжайли Мурод” каби маданий ёдгорликлар ҳамиша маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар эътиборини тортиб келган. Туманнинг сайёҳлик харитасида “Сурати” тоғи муҳим ўрин тутиши аниқ. Сир-синоатга тўла тарихий манзилнинг силлиқ тоғ тошлари ойнадек товланади. Завқли томоша Сўхнинг гўзал ва бетакрор табиатининг кўз илғамас гўзалликларини илғаб олишга ундайди. “Фарғона-Сўх-Фарғона” йўналиши бўйлаб транспорт ва авиапарвозларнинг йўлга қўйилиши сайёҳлар оқимини сезиларли кучайтирди. Айни жиҳатларни инобатга олиб, туман ҳокимлиги томонидан ташаббускор тадбиркорлар қўллаб-қувватланиши туфайли 20 дан ортиқ уй меҳмонхоналари қурилди. Ҳозирда янги лойиҳа ташаббускорлари ўз бизнес-ғояларини амалга ошириш ҳаракатида. Туманда экотуризм, агротуризм, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун изчил саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

Шу кунларда Сўхда бўлган киши бу ердаги жўшқин ҳамда қизғин жараёнга, ҳудуд аҳли чеҳрасидаги мамнунликка гувоҳ бўлади. Бу ислоҳотларнинг ҳаётий ифодасига яққол мисолдир. Улар билан суҳбатлашсангиз, шукроналикка тўла дил изҳорларини ҳис этасиз. Қадамлари дадил, ўктам, орзу-ниятлари, эртанги кунга ишончлари юксак. Сўхликлар доимо Президентимизнинг меҳри ва эътиборини ҳис этиб, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлардан кўзланган эзгу мақсад ва унинг амалий самараси шу эмасми, аслида?!


Маъсуджон Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА