Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўхда электр таъминоти: аҳоли ислоҳот натижаларини ҳис қилмоқда
10:35 / 2023-01-12

Табиатнинг гўзал гўшаларидан бири – Сўх доимий эътиборда. Бу ерда яшовчи аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш, таълим, ижтимоий соҳалар ривож топяпти. Одамлар бу ўзгариш, ислоҳот натижаларини ўз ҳаёт тарзида ҳис қилмоқда.

Бир пайтлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларда таранглик юзага келиши Сўх халқи, бу ердаги тадбиркорлик субъектларига муаммо келтириб чиқарган эди. Гап шундаки, электр таъминотини сифатли йўлга қўйиш учун йирик-йирик подстанцияларни келтириш керак. Аммо ўшанда чегарада ҳар икки томон учун жуда катта чекловлар қўйилган эди.

Биз истаймизми-йўқми, «сўнгги йиллар» деган иборани такрор айтишга мажбурмиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистон қўшни мамлакатларга дарвозаларини очди. Шу билан бирга, йўллар ҳам очилди ва Сўхда «Рўшоний» каби йирик-йирик подстанциялар қуриб битказилди ҳамда аҳолининг, тадбиркорларнинг фаолияти учун электр таъминоти яхшиланди.

– "Қалъача" маҳалласи туман марказидан 25-30 чақирим узоқда бўлган энг жанубдаги ҳудуддир. Бу ерга жўяли симёғоч ҳам етиб бормаганди, – дейди меҳнат фахрийси Тўрабой Тўхтаев. – Бугун Қалача қишлоғида байрам, десак бўлади. Шу вақтгача биз эски замондан қолган битта трансформаторни аранг ишлатиб, баъзида қишлоқнинг ярми, кечки пайтлар эса ҳаммаси электрсиз қоларди. Невараларим китоб ўқий олмасди, электр қувватининг пастлигидан. Линияларнинг эскилигидан қийналардик. Мана ҳозир ҳаммаси ўзгарди, неваралар китоб ўқиши учун шароит яратилди. Келажакда илмли болалар чиқишига умид қиламиз. Республика раҳбариятидан, Президентимиздан миннатдормиз.

Отахоннинг самимий сўзларида жон бор. Сўхдаги бирон маҳалла, кўча йўқки, бетон симтутқичлар янгиланиб, қувватли трансформаторлар ўрнатилмаган бўлса.

Тумандаги электр истеъмолчилар сони 16 мингдан ошди. 7 та подстанция, 281 та трансформатор пунктлари узлуксиз ишлаб,  аҳолига электр етказиб бермоқда.

– Сўнгги йилларда 44 дан зиёд трансформатор пунктлари ўрнатилди ва 100 километрдан зиёд паст ва юқори кучланиш тармоқлари қурилди, – дейди Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси мукаммал қурилиш бўйича директори Шерхон Баратов. – Шундан 2022 йилнинг ўзида Президентимизнинг қарорлари ижроси юзасидан 7 та трансформатор қурилди ва 15 километрдан зиёд тармоқлар тортилди, аҳолининг электр энергияси таъминоти яхшиланди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 1,7 километр тармоқлар қуриб битказиляпти. Бу ерда 160 килоқувватли трансформатор ўрнатиляпти.  

– 85 дона темир бетонли столба, 3 та янги трансформатор ўрнатиб берилди. Қалача халқи юртбошимиздан миннатдор, – дейди МФЙ раиси Фаёз Тожиддинов.

"Чумоқчи" маҳалласи ҳудудининг бир ёни Сўх тоғларига туташ. Бу ерда қишнинг совуқ кунларида ҳам иш тўхтагани йўқ. Яна темир-бетондан ясалган симтутқичлар ўрнатиляпти. Трансформаторлар янгиланяпти.

– Ҳудудга 80 тадан ортиқ темир бетон таянчларини ўрнатдик. 2021-2022 йилларда Сўх туманининг ўзида электр таъминотини яхшилаш мақсадида 16 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди, – дейди Шерхон Баратов.

"Чумоқчи"ликлар учун қўшалоқ хурсандчилик рўй берди.

– Ташаббусли бюджет танловида 6411 та овоз билан 2 миллиард 400 миллион сўмлик маблағ ютиб олдик. Мана Худо хоҳласа, кунлар исиса,  "Навобод" кўчаси ва бошқа ички кўчаларда тўлиқ асфальтлаштириш ишлари олиб борилади, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ҳайитжон Неъматов.

Биз мақолани электр қувватини қабул қилиб кучайтириб берувчи подстанциялар ҳақида бошлагандик. Бугун Сўхда уларнинг сони 7 тага етди. Биргина тоғлар бағридаги «Рўшоний», яъни, «Ёруғлик» подстанциясининг ўзи "Қизилқия",  "Хушёр",  "Себзор",  "Қақир" каби бешта маҳаллага узлуксиз ёруғлик олиб кирди.

– Бунақа подстанция Сўх туманида йўқ эди, – дейди Сўх тумани электр тармоқлари подстанциялар хизмати бошлиғи Сирожиддин Раупов. – Ҳурматли Президентимизнинг Сўх туманига бўлган эътибори ва чиқарган қарорларига асосан бу подстанция қурилди.

2023 йилда Сўх туманида «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастури доирасида яна 2 та трансформатор, 5 километрдан ортиқ тармоқ тортилади, 220 та темир бетон таянчлар ўрнатилади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/vy-3jM4V5yg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

 

Муҳаммаджон Обидов