Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўхда 1000 гектар ер ўзлаштирилмоқда
13:37 / 2022-02-06

Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди – Сўх туманида ерларни ўзлаштириш ва сув билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг фойдаланилмаётган ерларда ирригация ишларини бажариш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига ўзлаштириш, бу ерларни ёшларга бўлиб бериш орқали уларни иш, даромад билан таъминлаш борасида топшириқларидан келиб чиққан ҳолда, вилоят ҳокими ташаббуси билан яқинда бу ерда 1000 гектар ерни ўзлаштириш ишлари бошланган эди. 

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари билан Сўх туманининг Жавпая массивида бўлди. Бу ерда иссиқхоналар барпо этиш, ҳудудга сув чиқариш ва электр таъминотини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди, маҳаллий аҳоли вакиллари ва ёшлар билан мулоқот қилди. Режага кўра, ўзлаштирилаётган ерлар атрофдаги 4 та қишлоқда яшовчи 1000 та оилага – мактаб битирувчилари, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” га киритилган оилалар ҳамда “Ёшлар дафтари” га киритилган ёшларга 1 гектардан бўлиб берилиши, ҳар бир оила учун 10 сотихли иссиқхона-лимонарий ташкил этилиши белгиланган.

Ҳозирги кунга қадар 850 дан зиёд оила ер олиш учун мурожаат қилган. Иссиқхоналар, лимонарийлар учун чуқур кавлаш, унумдор тупроқ келтириш ишлари вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда, иссиқхоналарни барпо этиш учун маблағга эҳтиёжи бўлганларга 33 миллион сўмгача имтиёзли кредит тақдим этиладиган бўлди. Иссиқхоналар учун чуқур кавлаш ишларини янада тезлаштириш учун Фарғонадан  50 та қўшимча экскаватор жалб этиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди. Ҳудудга сув чиқариш масаласида ҳам аниқ тадбирлар белгиланди. Шунингдек, ҳудудда маҳаллий ташаббускорлар томонидан 500 гектар майдонда каврак плантациясини ташкил этиш лойиҳасини тезлаштириш бўйича ҳам туман масъулларига вазифалар юкланди. Яқин кунларда ер майдонлари ажратиладиган оилаларнинг рўйхати тўла шакллантирилиб, уларга сертификатлар топшириладиган бўлди.


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Сўх туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жараёнларини ўрганиш чоғида қурилиш-монтаж ишлари якунланаётган “Қайроқ-1” ва “Қайроқ-2” насос станцияларида бўлди, ҳудудда ўзлаштирилиши режалаштирилаётган ерларни кўздан кечирди.
“Қайроқ” массивидаги сувсиз ерларни ўзлаштириш учун барпо этилган ва Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириладиган насос станцияси лойиҳасининг умумий қиймати 92 миллиард сўм бўлиб, 211 метр баландликда жойлашган 1080 гектардан зиёд майдонни сув билан таъминлаб, ўзлаштирилишига имконият яратади. Янги ўзлаштириладиган ерлар кооперация ҳамда кластерлар ташкил этиш йўли орқали 50 сотихдан ҳудудда яшовчи ишсиз ёш оилаларга бўлиб берилади. Бу 3 мингта  янги иш ўрни яратиш имконини беради. Янги ўзлаштириладиган майдонларда ёнғоқ, олма ва нок боғлари, малина, тут ҳамда доривор гиёҳлар плантациялари барпо этилиши кўзда тутилган.

М. Сулаймонов, 
М. Қодиров (сурат),ЎзА