Сўх туманидаги тиббий муассасалар тармоғи битта марказий шифохона, 7 та оилавий поликлиника, 15 та ФAП (фелдшер-акушерлик пункти), тез тиббий ёрдам бўлими ҳамда профилактика марказларини бирлаштирган. Улар тумандаги 80 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Охирги икки йилда туман марказий шифохонаси мукаммал таъмирланди, янги тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Лаборатория диагностикаси, УЗИ, рентген, кардиология, педиатрия ва шошилинч ёрдам хизматлари замонавий меъёрларга мос равишда иш олиб бормоқда. Бугунги кун талабига жавоб берадиган реанимобиллар, мобил шифохоналар ва рақамли алоқа воситалари жорий этилиши хизмат кўрсатиш тезлиги ва сифат даражасини оширди.
Илгари буйрак етишмовчилиги ва рентген ташхиси масаласида муаммолар бор эди. Беморлар икки бор давлатлараро чегарадан ўтиб вилоят марказига қатнар эди.

– Энди туманнинг ўзига иккита гемодиализ аппарати олиб келиб ўрнатилди. Тиббиёт ходимларининг штат бирликлари таъминланди, бошқа моддий-техник воситалари янгиланди, – дейди Сўх тумани тиббиёт бирлашмаси бош фельдшери Гулйигит Ҳамромуродов. – Натижада 45 нафар беморнинг узоғи яқин бўлди ва уларга сифатли тиббий хизмат Сўхнинг ўзида кўрсатилмоқда.

2025 йилнинг биринчи чорагида рақамли рентген аппарати, ультратовуш ташхис аппарати олиб келиб ўрнатилди.
Тиббий хизмат сифатининг асосий омилларидан бири — мутахассислар касбий даражаси билан боғлиқ. Сўхлик шифокорлар малака ошириш учун маҳорат курсларида иштирок этмоқда. Туман тиббиёт бўлими Фарғонадаги тиббиёт институти ва университети ҳамда республикадаги етакчи тиббиёт марказлари билан онлайн ва офлайн ўқувлар, семинарлар ташкил этган.

– Президент қарорига асосан вилоятнинг чекка ҳудудида ишлаш хоҳишида бўлган малакали врач-шифокорлар ойлик маошига қўшимча устамалар, бепул яшаш шароити, коммунал тўловларини давлат зиммасига олиши каби имтиёзлар амал қилиб келяпти, – дейди бош фельдшер. – Вилоят маркази ва шаҳарлардан келган 21 нафар малакали мутахассис мана 4 йилдирки, Сўхдаги тиббиёт муассасаларида хизмат қилмоқда.
Туман тиббиёт бўлими сўнгги йилда олис ҳудудларда яна 5 та янги ФAП, телемедицина хизматлари жорий этди, онкология ва реабилитация махсус кабинетларини очди.

Бундай ўзгаришлар Сўхда мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариш имкониятини ҳам яратди.
– Сўх тумани аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш чоғи мураккаб жарроҳлик – буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Бемор тез соғайди ва янги буйрак билан уйига қайтди, – дейди Гулйигит Ҳамромуродов.

Ҳозирги кунда Сўх аҳолисининг соғлиги ҳақидаги электрон тиббий карта – маълумотлар йиғиндиси тизимини яратиш жараёни давом этмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/tvh0yjngqos?si=fvCbyOMcC3LQ3yEB" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов,
Тасвирчи: Элёр Олимов