Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, вилоят сектор раҳбарлари ҳамда бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари билан бирга Сўх туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Жойларда аҳоли билан суҳбатлашди.
Вилоят ҳокими дастлаб Алишер Навоий номидаги ёшлар илмий-ижодий маркази фаолияти билан танишди. Санъат ва ижодга қизиқувчи ёшлар учун олти йўналишда машғулотлар олиб борилаётган марказ туман халқ таълими бўлими ихтиёридаги бўш бинони таъмирлаб жиҳозланиши натижасида барпо этилган.
Марказда ижодий машғулотлар билан бирга туман мактабларидан фан олимпиадаларига қатнашувчи ўқувчилар учун қўшимча дарслар ташкил этилган. Марказ қошида атоқли ёзувчилар ҳамда тумандан етишиб чиққан таниқли шахслар билан учрашувлар ташкил этилиши ҳам йўлга қўйилган.
Вилоят ҳокими "Ҳазрати Али" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилаётган ёшлар кичик саноат зонасини ҳам бориб кўрди. Маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқот давомида кўплаб муаммолар муҳокама қилинди.
Ёшлар кичик саноат зонаси 3 гектар майдонда ташкил этилмоқда. Бу ерда айни пайтда 40 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилаётир. Умумий қиймати 11 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ бўлган бу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 250 дан зиёд иш ўрни яратилади. Саноат зонасида тадбиркорлар учун барча зарур инфратузилма яратилиши, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ёшларга ҳар томонлама кўмак берилиши белгиланди. 3 та маҳалла ўртасида жойлашган ушбу ёшлар кичик саноат зонаси яқинида кўп қаватли турар-жойлар, спорт майдончалари қурилиши, бунинг натижасида ҳудудда янги саноат шаҳарчаси пайдо бўлиши қайд этилди.
– Туманда тадбиркорлик муҳитини яратишимиз лозим. Сўх тадбиркорлик ривожланган ҳудудга айланиши керак, – деди Хайрулла Бозоров.
“Қайроқ-1” ва “Қайроқ-2” насос станцияларида қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Вилоят раҳбари ана шу жараён билан ҳам танишди.
[gallery-1128]
Қайроқ массивидаги сувсиз ерларни ўзлаштириш учун қурилаётган насос станцияси лойиҳасининг умумий қиймати 92 миллиард сўм бўлиб, 211 метр баландликда жойлашган 1400 гектардан зиёд майдонни сув билан таъминлаб, ўзлаштирилишига имконият яратади. Янги ўзлаштириладиган ерлар кооперация ташкил этиш йўли билан 50 сотихдан ҳудудда яшовчи ишсиз ёш оилаларга бўлиб берилади.
“Сўхгидроқурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган станцияга 3 дона Германияда ишлаб чиқарилган насос ҳамда 1800 кВт ҳажмдаги электродвигатель ўрнатилиб, Сўх дарёсидан сув олиш тўғони барпо этилмоқда.
Вилоят ҳокими янги ерларнинг ўзлаштирилиши Сўх туманида ишсизлик масаласини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, объектни 6 ой ичида фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатма берди.
Айни кунларда туманда замонавий савдо мажмуаси қад ростламоқда. Наврўз байрами арафасида ишга тушириладиган мазкур савдо мажмуасида 250 дан зиёд дўкон жойлашган. Уларнинг ҳар бирида иккитадан, жами 500 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, транспорт, овқатланиш каби хизматларнинг йўлга қўйилиши натижасида яна қўшимча иш ўринлари шаклланади.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА