ФОТОРЕПОРТАЖ
Иқлим ўзгариши, ноқулай об-ҳаво шароити, баҳорнинг қоқ ўртасида ҳарорат кескин пасайиши, бевосита қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсир этиши, аксарият ҳолларда экинни нес-нобуд қилиши мумкин. Ўтган баҳорда худди шундай ҳолат бўлгани, қатор ўсимликлар, дов-дарахтлар ҳосилига жиддий зарар етгани барчамизга маълум.
Минг афсуски, бу йил ҳам об-ҳаво кутилмаганда совуй бошлади. Шунинг учун ҳам деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ер майдонида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини совуқ уришидан сақлаш мақсадида жойларда штаблар ташкил этилиб, улар қошида тезкор ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
– Агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликларига совуқдан беталафот чиқиш чораларини кўриш бўйича амалий ёрдам бери мақсадида ҳудудларга олимлар ва мутахассислар бириктирилди, - дейди ишчи гуруҳ раҳбари, Сурхондарё вилояти Агрохизматлар маркази директори Олим Алимардонов.
– Айни пайтда жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари бошлаб юборилган. Вилоятимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилаётган олимлар, профессорлар билан биргаликда республика ҳудудига кириб келган совуқ об-ҳаво таъсиридан жойлардаги мевали боғ, узумзорлар ва «тўқсонбости» усулида ҳамда эртаки майдонларга экилган қишлоқ хўжалиги экинларини асраш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилиб, ҳудудларда жорий этилмоқда.
Хўш, бунда деҳқонлар, заминга умид боғлаб уруғ қадаган, кўчат эккан меҳнаткашлар ҳосилдорликни асраш ва экин-тикинларни совуқ уришидан ҳимоялаш учун нималарга амал қилиши керак?
Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти мева-сабзавотчилик ва узумчилик, иссиқхона хўжалиги кафедраси мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Музаффар Арамовнинг тавсиясига кўра, қишлоқ хўжалигида аввало, совуқдан ҳимояланиш учун қатор агротехнологияларни қўллаш мумкин: имкони бўлса, биринчи навбатда, экинларни енгил суғориш, ундан ҳам яхшиси, шарбат усулида суғориш лозим бўлади. Чунки, сув тупроқ таркибини нормал ҳолатга келтиради ва ўсимликларнинг илдизини, иссиқ ҳолатда ушлаб туриш имкони яратилади.
Шунингдек, мева-сабзавот, картошка, кўкатлар агар кўкариб чиққан бўлса, тезда устини плёнка билан ёпиш лозим бўлади. Қолаверса, маҳаллий ўғит борми, сомон ёки шунга ўхшаш маҳсулотларни ер майдонларининг ҳар ҳар жойига уйиб қўйиб, тутатиш чораларини кўриш керак. Агар иссиқхоналар очиб қўйилган бўлса, уларнинг устини ёпиш, ички томонидан термос усулида яна бир қават қоплаш керак.
Гуллаган ёки барг ёзган дов-дарахтларни, буғдойзорларни минерал ўғитлар билан суспензия қилиш анча фойда беради. Бир сўз билан айтганда, маълум бир муддатда ўтиб кетадиган совуқдан ҳимояланмасдан қўл қовуштириб ўтирсак, эртанги ризқимиз, даромад манбамизни бой берамиз.
Штабда тегишли мутахассисларнинг туну-кун навбатчилик режими жорий этилган бўлиб, исталган вақтда улардан маълумот олиш имконияти яратилган.
[gallery-6224]
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА