Шу кунларда об-ҳавонинг ўзгариши сабаб коммунал соҳаларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш, бу йилги қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилояти бўйича мавсумга тайёргарлик ишлари доирасида режа асосида 37 минг 467 та хонадонга энерготежамкор горелка ўрнатилди, 10,3 километр қўшқатор тармоқлар кўздан кечирилди ва 804 та манзилдаги газ сизиб чиқиш ҳолатлари бартараф этилди. Тадбирлар натижасида, 4 миллион 168 минг кубометр табиий газ йўқотилишининг олди олинди.

Шунингдек, жойлардаги 62 та ўрта босимли газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилинди. Умумий ҳисобда 80 та газ фильтрлари ўрнатилди, 383 та газ зулфинлар ҳамда жўмраклар янгиланди. Вилоят ҳудудида жорий йил давомида жами 29 минг 860 нафар истеъмолчиларни 2 босқичли тизимга ўтказиш режалаштирилган. Ўтган ўн ойлик ҳолатига кўра, 34 минг 986 нафар истеъмолчи хонадонларига махсус регуляторлар ўрнатилди.
– Ҳозирда Юқори Чирчиқ туманида газ истеъмолчилари сони 34 минг 182 нафарни ташкил этади, – дейди “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Улуғбек Жамолов. – Илгари табиий газ истеъмолчиларга юқори, ўрта ва пастки босим орқали уч босқичда етказиб берилган эди. Жорий йилдан бошлаб пастки босимдан воз кечиш натижасида, икки босқичли тизимда табиий газ етказиб бериш кўзда тутилган. Ҳудуддаги оғир тоифа сифатида эътироф этилган Бирлик маҳалласида жами 630 та хонадон бор ва уларга икки босқичли тизим бўйича табиий газ етказиб берилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ташаббуснинг афзал томонлари кўп бўлиб, ҳар бир туман-шаҳардан биттадан маҳалла тажриба тариқасида танлаб олинмоқда. Маълумки, соҳани модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали табиий газни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, йўқотишларни бартараф этиш муҳимдир.
Шунингдек, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

– Қарорга асосан Тошкент вилоятининг туман шаҳарлари ҳудудидаги 593 минг 513 та аҳоли хонадонларига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгиланган. Ҳудудлардаги қайта хатлов натижаларида 639 минг 219 та хонадонлар аниқланди. Жорий йил III чораги ҳолатига кўра, вилоят бўйича жами 633 минг 154 электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилди, – дейди “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали директор ўринбосари Саидакбар Мирзаев. Маълумки, табиий газ таъминоти етиб бормаган ҳудудлар аҳолиси мунтазам равишда суюлтирилган газ билан таъминланади. Куз-қиш мавсумида 2 миллион 700 минг тонна суюлтирилган газни ойлик белгиланган жадвал асосида етказиб бериш белгиланган. Шундан 2025 йил октябрь –декабрь ойларида 1 миллион 350 минг тонна, 2026 йил январь-март ойларида 1 миллион 350 минг тонна билан таъминлаш чоралари кўрилади. Хусусан, Чиноз туманида ноябрь ойи ҳолати бўйича истеъмолчиларга 75 тонна суюлтирилган газ ҳажмлари етказиб берилган.

Бунда газ тўлдириш шохобчалари орқали суюлтирилган газ ҳажмлари истеъмолчиларга махсус автотранспорт воситалари орқали хонадонма-хонадон етказилмоқда. Бугунги кунда куз-қиш мавсумида бир маромда таъминлаш учун газ баллонлар захираси ҳам яратилган.
Муҳими, истеъмолчиларга суюлтирилган газни узлуксиз, ёнғин, техника хавфсизлиги ва хавфсиз таъминлаш мақсадида барча тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда ҳудудлар инфратузилмасини янада яхшилаш борасидаги мана шундай ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга етиб бориши эса фаровонлик сари интилишдаги муҳим қадамдир.
А.Мусаев ЎзА.