English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Совуқ кунларда қийин вазиятда қолган тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланади
10:19 / 2023-02-06

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, тадбиркорлик субъектларининг 2023 йил январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Солиқ қўмитаси солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризаларни 5 кунгача муддатда кўриб чиқади.

Тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилади. Шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши ҳамда мазкур қарор кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилади. 

Тадбиркорлик субъектларига 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан бошлаб 1 июлга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Давлат мулкидан фойдаланиш юзасидан 2022 йилдан буён амалда бўлган ижара шартномалари бўйича ижара тўловлари миқдори 2023 йил 1 апрелга қадар ўзгаришсиз қолади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмаганлиги учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўтатиб турилади. 

2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар бажарилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларига давлат буюртмачилари (шу жумладан, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар) томонидан жарима ва пенялар қўлланилмайди. 

Бу даврда қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига нисбатан 2023 йил 1 апрелга қадар давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси тўхтатиб турилади.

Марказий банк (М.Нурмуратов) тижорат банклари билан биргаликда жорий қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли талафот кўрган тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича 2023 йил январь-март ойлари учун тўловлар муддатини 2023 йил 1 июнга қадар узайтириш; муддати ўтган кредитларига жарима санкциялари ва гаров таъминоти бўйича 2023 йил 1 апрелга қадар ундирув чораларини қўлламаслик; 

фаолияти узлуксизлигини таъминлашга, шу жумладан вақтинчалик пул оқимларидаги узилишларини қоплаш ва айланма маблағларини тўлдиришга йўналтирилган қисқа муддатли (револьвер) кредит маҳсулотларини олдиндан маъқулланган (модул) қарорлар асосида таклиф этиш; 

носоз ҳолга келган асосий воситаларини таъмирлаш учун кредитлар ажратиш; 

кредит бюроларида кредитлари бўйича тўловлар муддатининг узайтирилишини уларнинг кредит тарихи ва скоринг кўрсаткичларини текширишда инобатга олмаслик бўйича тегишли чоралар кўради.

ЎзА