Навоий шаҳридаги “Камилла” меҳмонхонасида “ЮНИСЕФ” ташкилоти, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамкорлигида Навоий ва Бухоро вилоятлари журналистлари учун “COVID -19”га қарши эмлаш жараёнлари, мавзуни ёритишда журналист ва блогерлар иштироки” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда ҳозирги кунда иммунизация ва коронавирус ҳақида тарқалаётган янглиш фикрлар ҳақида сўз юритилиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган сертификатга эга вакциналар, уларнинг инсон организмига таъсири ҳақида маълумот берилди.
Биринчи босқичда юртимизда 4 миллиондан ортиқ аҳолини эмлаш режалаштирилган. Дастлаб 65 ёшдан 84 ёшгача бўлган фуқаролар, узоқ умр кўрувчилар, тиббиёт ходимлари, умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбийлар эмланиши кўзда тутилган.

– Айни пайтда Санитария-эпидемиология хизматларининг тегишли моддий-техник базаси тайёрланди, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим мудири Вазира Муталова.
– Республика бўйича 3138 та эмлаш пункти тайёрланиб, 862 та эмлаш бригадаси ташкил этилди. Эмлашда иштирок этувчи соҳа мутахассислари хавфсиз эмлаш бўйича қўшимча касбий тайёргарликдан ўтади. Улар орасида вакцинаторлар, умумий амалиёт шифокорлари ва оилавий шифокорлар, реаниматологлар, иммунологлар, юқумли касалликлар ва патронаж ҳамширалар бор. Шунингдек, миллий эмлашни ташкил этиш бўйича бизнес жараёнларни ахборот тизимига (маълумотлар базасига) киритиш назарда тутилмоқда.
Семинарда юртимизда коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари ва мавзуни ёритишда этика меъёрлари тўғрисида атрофлича сўз юритилди.

– Янгилик ва жараёнлардан журналистларни хабардор қилиш, мавзуни тўлиқ билиб ёритишда ёндашишлари учун туғилаётган эътироз ва саволларга тўлақонли жавоб олишни мақсад қилган семинар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, – дейди “Севимли” телеканали “Замон” информацион дастури Навоий вилояти бўйича мухбири Ширингул Асоева.
– Семинарда “COVID-19” нинг ОАВларда ёритилиши таҳлил этилиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари тарғибот борасида ўз фикр-мулоҳазалари ва тавсияларини билдирди. Мутахассислар томонидан ОАВ вакилларига тегишли тавсиялар берилди, вакциналар мавзусини ёритиш юзасидан гуруҳларда иш олиб борилди.
Баҳс-мунозараларга бой бўлган тадбир давомида вакцинация кутилаётган янги жараён бўлгани учун иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Абдували Бўриев, ЎзА