Коронавирус пандемияси асримизнинг энг кенг тарқалган касалликларидан бири сифатида тарихга муҳрланди. Ушбу мавзу атрофида мулоҳаза юритар эканмиз, бир савол пайдо бўлади: СOVID-19 касаллиги ва у билан боғлиқ салбий ҳолатларга қачон барҳам берилади?
Бу саволга Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим мудири Мирсаид Қоржовов шундай жавоб берди:
– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари томонидан ушбу касалликка қарши эмланиш ҳамда гигиена қоидаларига риоя қилиш пандемияга барҳам беришнинг бирдан бир йўли сифатида эътироф этилмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда кенг кўламли эмлаш тадбирлари олиб бориляпти. Жиззах вилоятида ҳам бу жараёнлар давом этяпти. Айримларда ҳамон ишончсизлик, эмланишдан қўрқув бордек. Вакцина қабул қилганлар орасида нохуш ҳолатлар учраши жуда ҳам кам учрайди. Вилоят миқёсида 7 нафар фуқаромизда эмлангандан сўнг соғлиғи билан боғлиқ салбий ҳолатлар кузатилди. Уларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, шифокорлар назоратига олинди. Ҳозир ушбу фуқароларимизнинг саломатлиги яхши.
Атрофимизда коронавирус инфекцияси билан оғриётганлар бор экан, эмлангандан кейин ҳам тиббий ниқоб тақиш асосий талабларидан бири бўлиб қолаверади.
Маърифат Мавлонова, ЎзА