English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Советларнинг сўнгги кунигача сақланган сир
12:48 / 2019-08-25

1934 йилда кинематографиямизнинг серқирра арбобларидан бири Сулаймон Хўжаев ўзбек халқининг букилмас иродаси ҳақида ҳикоя қилувчи “Тонг олдидан” деб номланган фильмини суратга олди.


1934 йилда кинематографиямизнинг серқирра арбобларидан бири Сулаймон Хўжаев ўзбек халқининг букилмас иродаси ҳақида ҳикоя қилувчи “Тонг олдидан” деб номланган фильмини суратга олди.

Фильм 1916 йилги Ўзбекистондаги қўзғолонларнинг туб моҳиятини очишга қаратилган мураккаб сюжетли бўлди. Шуни таъкидлаш лозимки Сулаймон Хўжаев бу фильмнинг сценарийнависи, режиссёри ва бош қаҳрамон ижрочиси ҳам эди.

Сулаймон Хўжаев ҳам қатағон гирдобидан қутилиб қололмади. Аммо у кино санъати соҳасида ўзидан ёрқин из қолдирди.

Улар ҳақида тарих фанлари доктори, профессор Рустам Сулаймонов шундай хотирлайди: “Сулаймон Хўжаев менинг бобом бўладилар. Отам Ҳамид Сулаймоннинг оталари эдилар. Уйимизда бобомизнинг исми тилга ҳам олинмасди. У ҳақда ҳатто гапириш ҳам мумкин эмас эди. Отамиз Ҳамид Сулаймон қамалиб кетганидан кейин, “халқ душмани”нинг боласи бўлиб қолдик. Ўз вақтида комсомолга киролмаганман.

Орқамиздан шивир-шивир қилиб гапиришарди. Уйдагилар “кўчага чиқма”, “биров бирор нарса сўраса гапирма”, “билмайман дегин” деган гаплари эсимда қолган. Булар эсдан чиқмайдиган ҳодисалар-да.

Бир воқеани айтиб берсам. Укам билан ёзда югуриб, ўйнаб юрардик. Ҳовлимиз катта эди. Бир тарафида уйимиз бўларди, орқа тарафи эса боғ эди. Боғнинг орқасида янги қурилган, томи ёпилган иморат, шувоғиям, деразасиям йўқ эди. Бир куни уйимизга бир “Победа” машинаси келди. Ичидан оқ китель кийган, мўйлов қўйган савлатли одам кириб, тўғри ҳалиги иморатнинг олдига бориб, бир иморатга, бир бизга қараб турди-да, кейин чиқиб машинасига миниб кетди.

“Комил Ёрматов, Комил Ёрматов” дейишди одамлар. Шу инсон келиб иморатни кўриб кетган экан. Кейин бизнинг отамиз Ҳамид Сулаймон (адабиётшунос олим) қамоқдан чиққанларидан кейин отасини суриштириб хатлар ёза бошладилар. Бир неча хатлар келди. “У лагерда бўлди. Бу лагерда бўлди” деб хатлар ёзилган. Охири уруш йиллари “бир лагерда касал бўлиб ўлган” деган хат келди. Бу Хрушчёв даврида бўлган гап.

Аслида бобом Сулаймон Хўжаев 1934 йилда қамалган экан, мен 1939 йилда туғилганман. Сулаймон Хўжаев Камолон маҳалласидаги ўзига тўқ савдогарнинг боласи бўлган, театрни, кинони яхши кўрган, савдогарлик ва баққоллик қилиб тирикчилик қилган. Оренбург ва Москвага бориб келиб савдогарлик қилган.

Бизни бувимиздан икки ёш кичик бўлганлар. Бувимиз 19 ёшга кирганларида Сулаймон Хўжаев 17 ёш бўлганлар. Ўшанда бувимизга уйлантириб қўйишган экан. Кейин бизни отамиз туғилганлар. Бобомиз театрда ишлай бошлаганлар. Бувимиз оламдан ўтганларидан кейин барча тилла тақинчоқларини театрга актрисаларга олиб бориб берган эканлар.

Шу даражада ўзини санъатга бахшида этган инсон эканлар. Кейинчалик ВГИК (Бутуниттифоқ Давлат кинематография институти)нинг биринчи танловидаёқ ўқишга қабул қилинади. Бу даврда очарчилик бошланади. У 1933 йили ўқишни ташлаб қайтиб келади. Бир йилдан кейин 1934 йилда қамалиб кетган.

Сабаби ўша даврда “революция” ҳақида фильмлар яратиш топшириғи бўлади. Бобомиз 1916 йилги Жиззах қўзғолони ҳақида ҳужжатли кино яратади. Бир йилда қисқа муддатда яратилади бу фильм. Бу даврда ўша қўзғолонга қатнашган одамларнинг кўпи тирик эди. Жиззах, Тошкент атрофи, Жанубий Қозоғистон, Қирғизистонга чиқиб материаллар йиғиб келишади ва кинофильмни ишлашади. Комиссия биринчи кўришидаёқ “фильм антирусский, нельзя показовать” дейди. Чунки фильмда одамлар ҳақиқий воқеаларни кўриб гапиришади. Шундан бу фильм қолиб кетади.

1934 йилда Сулаймон Хўжаевни бошқа баҳоналарда қамоққа олиб кетишади. Яқинда бир йил олдин киношунос олим Ҳ.Акбаров Султон укамга ҳақиқатни айтиб берибди. 1934 йилда судда “сенинг фалон айбларинг бор. Сени қайта тарбиялашга юборамиз. Янги ерларни кўтаришасан” дейишган экан. Кейин Боёвутга юборган экан.

Уч ойдан кейин “тройка” келиб у ердан тўртта одамни олиб отиб ташлашган экан. Шунда бизнинг бобомиз Сулаймон Хўжаев ҳам ўлиб кетган бўлиши мумкин. Демак, совет даврининг охири кунигача уларнинг тақдирини сир сақлашган экан ...”


Барно Унгбоеванинг
“Ўзбекистонда 1920–1956 йилларда кино
ва театр санъати тарихи” номли диссертациясидан олинди.

Профессор Рустам Ҳамидович Сулаймонов билан суҳбат Ўзбекистон Миллий университети тарих факультетида 2018 йил 4 апрельда бўлган.