“Совғалар карвони” хайрия акцияси болажонларга қувонч улашмоқда
Бугун Навоий вилоятидаги кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасига “Совғалар карвони” хайрия акциясининг совғалари тақдим этилди.
Бугун Навоий вилоятидаги кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасига “Совғалар карвони” хайрия акциясининг совғалари тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган акцияда юртимиздаги кўришда нуқсони бўлган болалар таҳсил оладиган мактаб-интернатлари учун замонавий спорт анжомлари, турли мусиқа асбоблари ва Брайль алифбосида чоп этилган босма ҳамда аудио китоблар тақдим этилмоқда.
Янги йил байрами арафасида ташкил этилган мазкур хайрия акцияси Навоий вилоятидаги кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси жамоасига аввало, ўқувчиларига олам-олам қувонч бағишлади.
– Бугунги кунгача мактабимизда 4 тадан доира, рубоб ва дутор ҳамда бир дона фортепиано мавжуд эди, – дейди ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси директори Райҳон Худойбердиева. – Мана бугунги совға имконияти чекланган бўлсада, иқтидори юқори ўқувчиларимиз учун байрамона совға бўлди. Айни пайтда 125 нафар ўқувчилар таҳсил олаётган масканимизга 4 та замонавий қўшимча компьютер жамланмаси ҳам совға қилинди.
Ўқувчи-ёшлар лойиҳа ташаббускорларига миннатдорлик билдирди.
– Аввало, Президентимизга раҳмат, биз ёшлар учун катта эътибор қаратаётгани учун, – дейди муассасанинг 5-синф ўқувчиси Садоқат Яхшибоева. – Бугунги совғалар олиб, кўнглим янада кўтарилди. Янги китоблар, спорт жиҳозлари барчаси биз учун. Мен ўқитувчиларимга ҳавас қилиб, келажакда ўзим ҳам ўқитувчи бўлишни мақсад қилганман.