ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги “Сорали” хўжаликлараро каналида реконструкция ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Мазкур канал 1970 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг умумий узунлиги 7 километрни ташкил этади. Каналда жами 35 та гидротехник иншоот мавжуд. Лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 2,5 куб метр бўлиб, иншоот “Кердер” канали орқали сув олади ҳамда 2943,2 гектар ер майдонини сув билан таъминлайди.
[gallery-27334]
Қайд этилишича, шу кунга қадар каналда реконструкция ишлари амалга оширилмагани сабабли унинг сув ўтказиш қобилияти кескин пасайган. Натижада фойдали иш коэффициенти 65–70 фоизгача тушиб кетиб, фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида сув танқислиги юзага келган. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатиб келган.
Айни пайтда объектда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Реконструкция ишлари якунлангач, сув оқимининг тезлиги ошиши ва фильтрациянинг олди олиниши ҳисобига йилига ўртача 2,4 миллион куб метр сув тежалиши кутилмоқда. Натижада 2943,2 гектар ер майдони кафолатли сув билан таъминланиб, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ошишига замин яратилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА