Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ: "Қайси тоифадаги ходим(лар) билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабаб бекор қилинади?"
11:06 / 2022-01-31

Корхона мулкдорининг алмашуви сабабли МК 100-моддаси 2-қисмининг 6-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш фақат корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходимга нисбатан амалга оширилиши мумкин.

Шунга эътибор қаратиш керакки, бор-йўғи янги мулкдорнинг келиши ва унинг меҳнат шартномасини бекор қилишга бўлган хоҳиш-истаги меҳнат муносабатлари барҳам топиши учун етарлидир. Бошқача айтганда, янги мулкдор корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходимни ишдан бўшатиш учун уларнинг хато-камчиликларга йўл қўйишини ёки меҳнат шартномаси бекор бўлиши учун ўзга жиддий асослар юзага келишини кутиб ўтириши шарт эмас.
Ёдда тутиш лозимки, бошқа барча ходимлар билан мулкдор алмашган тақдирда ҳам уларнинг розилигига кўра меҳнат муносабатлари давом эттирилаверади ёхуд улар билан тузилган меҳнат шартномаси қонунчиликка мувофиқ ҳолда бекор қилиниши мумкин. Шунга кўра, корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаганда, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходимдан ташқари ҳар қандай ходим билан МК 100-моддаси 2-қисмининг 6-бандига кўра, яъни мулкдор алмашганлиги сабабли меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ноқонуний деб топилади.

Шу ўринда, мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб уч ой мобайнида бекор қилишга йўл қўйилишини таъкидлаш лозим. Белгиланган уч ойлик муддат ўтганидан сўнг мулкдор алмашганлигини сабаб қилиб меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас. Эътибор қаратиш лозимки, ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳамда бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган вақти, узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлари бу муддатга киритилмайди.

1-мисол:
2021 йил 12 октябрь куни корхона мулкдори алмашди. Янги мулкдор корхона унга ўтганлигини асос қилиб 2022 йил 17 январь куни корхона раҳбарини ишдан бўшатди. Корхона раҳбари эса янги мулкдор келган кундан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ўз фаолиятини ҳеч қандай узилишларсиз амалга оширди. Ушбу ҳолатда янги мулкдорнинг хатти-ҳаракати қуйидаги асосларга кўра ноқонуний ҳисобланади:
биринчидан, меҳнат шартномаси корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб уч ой ўтганидан сўнг бекор қилинмоқда;
иккинчидан, корхона раҳбари ўтган уч ойдан ортиқ вақт давомида бирон марта вақтинча меҳнатга қобилиятсиз деб топилмаган, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳамда бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлмаган, яъни ўз вақтида ишда бўлиб келган. Бошқача айтганда, белгиланган уч ойлик муддатнинг ўтишини тўхтатиб турувчи ёхуд муддатнинг тугаш санасини кейинга сурувчи асос мавжуд эмас.

2-мисол:
2021 йил 12 октябрь куни корхона янги мулкдор тасарруфига ўтди. Корхона раҳбарининг ўринбосари эса 2021 йил 5 октябрь куни 24 иш кунидан иборат бўлган йиллик асосий таътилга чиққан ва 2021 йил 2 ноябрь куни ишга қайтиши лозим. Бошқача айтганда, корхона янги мулкдорга ўтган вақтда у эндигина таътилнинг 6 кунидан фойдаланган. Мазкур ҳолатда уч ойлик муддат 2021 йил 12 октябрь кунидан эмас, балки 2021 йил 2 ноябрь кунидан бошланади.

Бобомурод АВАЗОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси