Хитойнинг Гансу провинциясида Самарқанд археология институти ходими, тарихчи-археолог Комил Раҳимовнинг “Сополли маданияти аҳолисининг ҳаётида олов билан боғлиқ қурилмалар ва ўчоқбош идишларнинг ўрни” номли монографияси асосида илмий тақдимот бўлиб ўтди.
Сополли маданияти Ўрта Осиёдаги энг қадимий бронза даври маданиятларидан бири бўлиб, асосан Сурхондарё воҳаси ҳудудида тарқалган. Бу Сополлитепа ёдгорлигида амалга оширилган археологик тадқиқотлар натижасида аниқланган. Сополлитепа ўтроқ деҳқончилик ва шаҳарсозликнинг илк босқичларини ўзида акс эттирган.

Тақдимотда Сополли маданиятига оид ёдгорликларда аниқланган металл эритиш қурилмалари, уларнинг тузилиши, функцияси ва даврий хусусиятлари илмий асосда ёритиб берилди. Айниқса, Сополлитепа ва Жарқўтон ёдгорликларида топилган металл эритиш ўчоқлари, устахона излари ва металлургия жараёнларига оид археологик далиллар хорижий мутахассислар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Тақдимотда Гансу провинцияси археология институти олимлари Сополли маданиятининг металлургия анъаналари билан Хитой ҳудудидаги бронза даври ёдгорликлари ўртасида қиёсий тадқиқотлар олиб бориш истиқболлари ҳақида фикр билдирдилар. Бу эса келгусида қўшма илмий лойиҳалар қилиш учун муҳим замин яратади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири