French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сони ортаётган биноларнинг сифатига таъсир этувчи омиллар: қурувчилар хавфсизлиги қай даражада таъминланган?
08:15 / 2022-05-20

Бугун Ўзбекистоннинг қайси манзилида бўлманг, албатта қурилиш ва бунёдкорликлар устидан чиқасиз. Биз аввало биноларнинг гўзаллиги, шинамлиги ва сифатига қизиқамиз. Биноларни куннинг жазирама иссиғию, қишнинг қаҳрли кунларида қураётган уста қурувчиларнинг машаққатли меҳнатини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Қурилиш вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда пойтахтимиздаги қурилиш объектларида ишчилар муҳофазаси ва уларнинг ижтимоий-маиший шароитлари билан журналистлар таништирилди.

Пресс-тур давомида хусусан, пойтахтимизнинг Юнусобод тумани «Manzara» турар жой мажмуаси кўздан кечирилди. Умумий ер майдони 40 минг метр квадратни ташкил этадиган тура жой мажмуасида 12 та кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда. Мазкур уй-жойларнинг 6 таси аҳолига фойдаланишга топширилган.

Кузатувларда амин бўлиш мумкинки, қурилиш жараёнида ишчиларнинг ҳаёт хавфсизлиги тўла таъминланмаган. 15-20 метр баландликда ҳам қурувчиларнинг ишончсиз ҳавозалар устида, ўта хавфли шароитда меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Шуни ҳам айтиш жоиз, ҳеч бир бино қурилиши инсон ҳаётини хавф остига қўйишга арзимайди. 

Юртимизда барча фаолият турлари учун меҳнат хавфсизлиги қоидалари белгиланган. Шу нуқтаи назардан баҳолаганда ҳам қурувчиларнинг ҳаёт хавфсизлиги қурилиш ташкилотларини жиддий ўйлантириши керак.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг «Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида»ги 167-сонли конвенцияси ратификация қилинди.

Билдирилишича, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида иш берувчилар томонидан, айниқса, қурилиш соҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига эътиборсизлик ҳолатлари ва қурилиш майдончаларида ходимларга хавфсиз шароитлар яратилмагани кузатилмоқда. 

Қайд этилишича, 2021 йил давомида республикада содир бўлган ва қайд этилган 574 та бахтсиз ҳодисаларнинг 168 таси, яъни 29 фоизи қурилиш соҳасида содир бўлган. Оқибатда 199 нафар ходим ҳалок бўлган, шундан 84 нафари (42 фоизи) қурилиш соҳасида меҳнат қилган ишчилар.

Бундан ташқари, ушбу соҳада содир бўлган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 113 нафари оғир тан жароҳати олган. Шунингдек, қурилиш майдонларида қурилиш ишларига жалб қилинган ходимларнинг қурилиш соҳасига оид билим-малакаси етарли бўлмагани, аксарият ишчилар норасмий ҳолда ишлаб келаётгани амалга оширилган ишларнинг сифатига салбий таъсир қилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан жами 24 минг 566 та объектда қурилиш-монтаж ишлари назоратга олинган ва 21 минг 187 таси рўйхатдан ўтган. Мазкур объектларда жами 23 074 марта назорат ишлари амалга оширилган. 

Объектлар қурилишида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган жами 20 минг 713 та ёзма кўрсатма берилди. Шундан 13 минг 447 та ёзма кўрсатмадаги муаммолар бартараф этилган. Бош режаларнинг бузилиш ҳолатлари эса 370 тани ташкил этди.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 99-моддаси бўйича жами 1 минг 336 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳужжатлар тўплами тайёрланиб, тегишлилиги бўйича маъмурий судларга юборилган. Қурилиш-монтаж ишларини тўхтатишлар сони 225 тани ташкил этди. Шу билан бирга, қурилиш нормаларига риоя қилинмаган ҳолатда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилганлиги сабабли 41 тасида буздириш ишлари олиб борилди. 

Пресс-тур давомида Қурилишда ҳудудий назорат инспекцияси масъуллари томонидан ишчилар муҳофазасини таъминлаш, махсус кийимлардан фойдаланиш бўйича маълумот берилди. 

Шуни ҳам айтиш жоиз, баъзи қурилиш объектларида техник хавфсизлик талаблари бажарилган, баъзиларида эса эътиборсизлик билан ёндашилгани кўзга ташланди. Бунга масъул идоралар эътибор қаратади, деган умиддамиз.

 

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА