English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўнги беш йилда юрак-қон томир касалликлари йигирма фоизга кўпайган
17:37 / 2022-06-15

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёдаги ўлимларнинг 16 фоизини юрак-қон томир касалликлари ташкил этади.

Ҳар йили 17,9 миллион киши юрак-қон томир касалликлари туфайли ҳаётдан кўз юмади. Юрак-қон томир касаликларининг 8 миллиондан кўпроғи юрак ишемик касаллигига тўғри келмоқда.  

Айниқса, 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи юрак-қон томир касалликларига тўғри келади. Сўнгги беш йилда бундай касалликлар 20 фоизга, жумладан, ёшлар орасида ҳам кўпайган. 4 миллионга яқин кишида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, улар умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этмоқда.

Юртимизда ҳам бу борада вазият қониқарли эмас. Аҳоли орасида умумий касалланиш структурасида юрак-қон томир касалликлари нафас олиш органлари касалликлари ва қон ишлаб чиқарувчи аъзолар касалликларидан кейин учинчи ўринда бўлишига қарамасдан юрак-қон томир касалликларидан бўладиган ўлим ҳолатлари биринчи ўринни эгаллайди. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, хусусан, аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  

Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Кардиологик касалликларнинг олдини олишда соғлом турмуш тарзининг аҳамияти” мавзуида ўтказилган конференцияда ҳам таъкидланди.  

Конференцияда юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, бу борада тарғибот тадбирларини кучайтириш, бирламчи тиббий санитария бўғинида юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва профилактик чораларни кучайтириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Мазкур касалликларни эрта аниқлашда рақамли технология, телемедицина ва телеметрия имкониятларини кенг жорий этиш, кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди. 

Бундан ташқари, конференция иштирокчилари бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан даврий тиббий кўрикларни йўлга қўйиш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини зарур дори воситалари билан бепул таъминлаш, ҳудудларда кўрсатилаётган юқори технологик, кам инвазив кардиологик ҳамда кардиожарроҳлик тиббий хизматлар кўламини ошириш ҳамда юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини рақамлаштириш бўйича таклиф ва тавсияларни илгари сурди.  

Моҳигул Қосимова, ЎзА