"Кўксарой" қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари банк-молия соҳасидаги ислоҳотлар янада чуқурлаштирилишини қайд этди.
Гап мазкур соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, хорижий банкларни Ўзбекистонга фаол жалб этиш, самарали фонд бозорини шакллантириш ҳақида бормоқда.
–Бу залда банк соҳасига инвестиция киритган хорижий ҳамкорларимизни кўриш бизга катта мамнуният бағишлайди. Хорижий сармоядорларнинг банк-молия соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслари учун очиқмиз,– деди Шавкат Мирзиёев.
Иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусийлаштиришни янада чуқурлаштириш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолиши айтилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 1 минг 200 та давлат корхонаси хусусийлаштирилди. Келгуси йилнинг ўзида яна мингга яқин корхона ва кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган.
–Шу билан бирга давлат-хусусий шериклик механизмини иқтисодиётнинг барча тармоқларига фаол татбиқ этмоқдамиз. Қисқа муддатда мазкур йўналишда сезиларли натижаларга эришдик. Биргина энергетика соҳасида Ўзбекистон ушбу механизмлардан фойдаланган ҳолда 8 миллиард доллардан ортиқ маблағни жалб этди. Бу лойиҳаларга сармоя тикиб бораётган ҳамкорларимизни ҳам бугун тадбирда кўриб турганимдан мамнунман,– деди давлатимиз раҳбари. – Кенгаш аъзоларини хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурларида фаол иштирок этишга таклиф қиламиз.
ЎзА