Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
2020 йилда Марказий банк асосий ставкасининг 2 маротаба 1 фоиз банддан (йиллик 16 фоиздан 14 фоизгача) пасайтирилиши ҳамда мақбул фоиз ставкалари механизмининг киритилиши иқтисодиётдаги пул-кредит шароитларини бироз юмшатиб, карантин чекловлари юмшатилгандан кейинги даврда инфляция даражасига хавф туғдирмаган ҳолда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида сўнгги 3 йил давомида жами 15,7 триллион сўмдан кўп имтиёзли кредитлар ажратилди ва бу орқали 633 мингдан зиёд оила тадбиркорликни йўлга қўйиб, даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланишига замин яратилган.
Молиявий қийинчиликка учраган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг март-декабрь ойларида банклар томонидан 59 минг 235 та корхонага айланма маблағларни тўлдириш учун 26,8 триллион сўмлик револьвер кредитлар ажратилган.
Пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит тўловлари муддатининг узайтирилиши натижасида банк тизимида муаммоли кредитлар улуши 0,6 фоизга ошиб, 2020 йил якуни бўйича 2,1 фоизни ташкил этганлиги қайд этилди.
Жами муаммоли кредитларнинг 73 фоизи ёки 4,2 триллион сўми тадбиркорлик субъектлари, 17 фоизи ёки 961 миллиард сўми жисмоний шахслар, 10 фоизи ёки 586 миллиард сўми давлат ва бюджет ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.
Давлат дастурлари доирасида аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 281 мингдан ортиқ лойиҳага жами 48,4 триллион сўм кредит маблағлари ажратилган.
Н.Насриев, ЎзА