Туроператорлар Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагини билдираётган россияликлар сони сезиларли равишда ошганини таъкидлашмоқда.
Россия туроператорлари ассоциацияси (АТОР)нинг маълум қилишича, Ўзбекистонга келаётган россияликлар сони қаторасига тўртинчи ойдирки ортмоқда.
РИА Новостининг республика давлат статистика қўмитаси берган маълумотга таяниб ёзишича, масалан, апрелда Россиядан 29 минг фуқаро Ўзбекистонга саёҳат учун келган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 47,5 минг, июнда 53 минг, июлда 61 минг кишидан ошган. Сўнгги тўрт ойда келган саёҳатчилар сони бутун 2021 йил кўрсаткичидан ошган. Ўтган йили мамлакатимизга 190 минг россиялик саёҳат уюштирган эди.
Туроператорлар Ўзбекистон статистикаси берган маълумотларни тасдиқлар экан, саёҳатга қизиқишнинг ортишига тўғридан-тўғри рейслар ташкил қилингани, Covid чекловлари олиб ташлангани, виза ва тил борасида тўсиқлар йўқлигини асосий омил сифатида кўрсатишмоқда. Қолаверса, нархлар ҳам қиммат эмас ва Visa ва Mastercard банк карталарини расмийлаштириш имконияти мавжуд. Буларнинг барчаси россияликларнинг Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагини рағбатлантирмоқда, дейилади хабарда.
Ўзбекистонга келган россияликлар одатдагидек, Самарқанд ва Бухорони бориб кўриш истаги юқори эканини намойиш қилмоқда. Қишда саёҳат бозори иштирокчилари учун Чимён ва Амирсой тоғ чанғиси турларини ишга тушириш режалаштирилмоқда, дейилади хабарда.
Сентябрь бошларида икки киши учун Ўзбекистонга бир ҳафталик саёҳат 72 минг рублни ташкил этади. Беш кунга эса 50 минг рубль етарли. Икки томонга авиачипталар учун қўшимча равишда 25 минг рубль харжлаш керак бўлади.